Биологик хилмахилликни таъминлашнинг ҳуқуқий асоси
  • 24 Февраль 2017

Биологик хилмахилликни таъминлашнинг ҳуқуқий асоси

Ўзбекистоннинг бетакрор табиати, ранг-баранг ландшафтининг кўрку тароватидан йилнинг тўрт фаслида ҳам бирдек баҳраманд бўлиш мумкин. Чунки бир неча биогеографик ҳудудлар чорраҳасида жойлашган юртимизда фасллар ўз ўрнида “меҳмон” бўлади. Бу эса наботот турларининг униб-ўсиши, кўпайиши учун қулай табиий муҳитни вужудга келтиради.

Дарҳақиқат, соҳага доир илмий экспедициялар натижаларига қараганда, заминимизда 4600 дан ортиқ ўсимлик турлари учрайди. Шундан 3000 дан зиёди ёввойи ҳолда ўсиши, 9 фоизи эндемик эканлиги билан диққатга сазовордир. Бироқ ўтган асрнинг 50 — 80 йилларида она-табиатга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиниб, катта-катта ер майдонларининг қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ўзлаштирилиши, ўсимлик дунёсидан аёвсиз равишда фойдаланилиши туфайли флоранинг айрим турлари бутунлай йўқ бўлиб кетган бўлса, яна кўплари ниҳоятда қисқариб кетди. Буни ўша даврда Қизил китобга киритилган ўсимликлар тури 163 тадан 301 тага кўпайгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бу каби номақбул ҳолатларга барҳам берила бошланди. Сабаби, илгари ҳайвонот ва ўсимлик объектларининг муҳофазаси билан табиатдан фойдаланувчи турли ташкилотлар шуғулланиб келган эди. Соҳада давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташкил этилгани ислоҳотларнинг дебочаси бўлди, дейиш мумкин. Энг муҳими, қисқа давр ичида соҳанинг халқаро қонунчилик нормаларига жавоб берадиган мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Аниқроғи, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсини сақлаш ва ундан самарали фойдаланишга йўналтирилган 60 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, шунингдек, халқаро конвенцияларга қўшилгани Ўзбекистонда атроф-муҳит муҳофазаси, экологик мувозанатни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолат беради.

Ана шу нуқтаи назардан ўтган йили янги таҳрирдаги “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргани ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Қонун 6 боб, 51 моддадан иборат бўлиб, у янги нормалар билан бойитилди ва янада такомиллаштирилди. Жумладан, ҳужжатнинг 3-моддаси “ботаника коллекцияси”, “ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар”, “ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг яшаш фао-лияти маҳсулотлари”, “ўсимлик дунёси”, “ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш”, “ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар” каби асосий тушунчалар билан тўлдирилди.

“Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш” деб номланган 2-бобда наботот оламини муҳофаза қилиш, унинг неъматларидан оқилона фойдаланиш борасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Соҳага оид давлат дастурлари, шунингдек, бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, давлат назоратини кучайтириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар шулар сирасига киради.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида кўплаб халқаро ҳужжатлар, хусусан, 1995 йилда “Биологик хилмахиллик тўғрисида”ги Конвенция (1992 йилда Рио-де-Жанейрода қабул қилинган)га қўшилди. Бу ёш давлатимизнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги глобал жараёнларда иштирок этишга интилишининг ёрқин ифодаси бўлди. Негаки, мазкур ҳужжатга аъзо мамлакатлар олдига ҳудудлардаги флора ва фаунанинг ҳолати, уларнинг яшаш муҳити, муҳофазасига қаратилган Миллий стратегиялар ва Ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш, миллий қонунчилик меъёрларини яратиш ҳамда амалдаги нормаларни такомиллаштириш каби талаблар қўйилади. Шу маънода, юртимизда буларнинг барчасига амалда эришилаяпти, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Масалан, Конвенция доирасида 1998 йилда биринчи Миллий стратегия қабул қилинди. 10 йилга мўлжалланган ушбу ҳужжат асосида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, бошқаришнинг институционал ва қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш, биохилмахиллик бўйича марказлашган маълумотлар банкини ташкил қилиш, экологик-иқтисодий ҳудудлаштириш каби масалалар борасида кўплаб ишлар бажарилди.

Биохилмахилликни сақлаш бўйича 2016 — 2025 йилларга мўлжалланган янги Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши эса экотизимларнинг бутун мажмуаси, уларнинг алоҳида таркибий қисмларини сақлашда навбатдаги муҳим қадам бўлди. Бу жараёнда халқаро конвенцияларнинг стратегик режалари, табиатни муҳофаза қилишда фойдаланилаётган замонавий ёндашувлар ҳисобга олинди. Қолаверса, дастлаб 1997 йил 

26 декабрда қабул қилинган “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун такомиллаштирилиб, янги таҳрирдагиси кучга киргани ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, табиатдан фойдаланувчилар ҳамда назорат органлари ўртасида самарали муносабатлар тизимини шакллантириш, биохилмахилликни таъминлашда таъсирчан иқтисодий механизмлардан фойдаланиш имконини бермоқда.

Қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Ҳужжатнинг 10-моддасига мувофиқ, қўмита ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, давлат назоратини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар етиштириладиган питомниклар ҳамда плантацияларнинг давлат ҳисобини, ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш, қолаверса, юридик ва жисмоний шахсларга ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун Қонунга асосан, рухсатнома бериш ваколатларига эгадир.

Шу ўринда ўсимлик дунёсининг давлат кадастрини юритиш ҳақида кенгроқ тўхталсак. Ушбу тадбир ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда олиб борилади. Бунинг учун зарур ахборот ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисоби ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини юритувчи вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотлар томонидан текин тақдим қилинади. Зарур ахборотларнинг турлари, ҳажмлари ва уларни тарқатиш муддатлари эса Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

Ўсимликлар дунёси кадастри замонавий геоинформацион тизимлардан фойдаланган ҳолда юритилиши, айтиш мумкинки, табиий ресурсларни бошқариш, уларни сақлаб қолиш, ягона ахборот базасини шакллантириш борасидаги фаолиятни такомиллаштиришга кенг йўл очиб берди. Бундан ташқари, янги ишлаб чиқариш жараёнларида эҳтимол тутилган хатарларни аниқлаш учун эса давлат экологик экспертизаси ўтказилиб, лойиҳалаштирилаётган хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятнинг атроф-муҳитга бўлган таъсири баҳоланаётгани ўсимлик дунёси муҳофазасида айни -муддао бўлаётир.

Қонунда камёб ҳамда йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, унинг 17-моддасида бундай наботот турларининг сони камайиб кетишига ёки уларнинг ўсадиган муҳити бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Янги таҳрирдаги Қонунда ўсимлик дунёсининг генетик фондини сақлаб қолиш, камёб ўсимлик турларини сунъий яратилган шароитларда ўрганиш, иқлимга мослаштириш ва такрор кўпайтириш, илмий, ўқув ҳамда таълим ишларини олиб бориш мақсадида ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш масалалари ҳам қамраб олинган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки табиатда камайиб бораётган наботот турларини -асраб қолиш, уларни кўпайтиришда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрни беқиёсдир. Юртимизда умумий майдони 

2 млн. 461,7 минг гектарга тенг бўлган саккизта қўриқхона, иккита миллий табиат боғи ва битта миллий боғ, 10 та табиат ёдгорлиги, 13 та буюртмахона, битта биосфера резервати ва шунча экологик марказ фаолият кўрсатаяпти. Улар қум-барханли чўллардан тортиб, сўлим воҳаларни, дарё бўйидаги тўқайзорлару тоғли водийларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Қонунга биноан, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, шу жумладан, ёввойи ҳолда ўсувчи гиёҳларнинг техник ва доривор хом ашёси ёки озиқ-овқат сифатида йиғиш таомиллари, фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тартибга солинди. Ноқонуний хатти-ҳаракатлар, хусусан, дарахт ва буталарни ўзбошимчалик билан кесиш каби салбий ҳолатларга нисбатан жавобгарлик янада кучайтирилди. Унинг 37-моддасида “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга фақат санитария мақсадларида кесиш ҳамда биноларни, иншоотларни ва коммуникацияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолда кесиш тартибида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган қарорига кўра йўл қўйилади”, деб аниқ кўрсатилган.

Бинобарин, ҳар қандай давлат тараққиёти, аҳолисининг турмуш фаровонлиги ва саломатлик даражаси, энг асосийси, миллий экологик хавфсизлиги табиий тизимларни барқарорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга бевосита боғлиқ. Бу эса ҳар биримиздан табиат инъом этган неъматларни асраб-авайлашни, қадрлашни, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини тушуниб, экологик маданиятимизни юксалтириб боришни, шунингдек, ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ижросига муносиб ҳисса қўшишимизни талаб этади.

Олимжон ҚАҲҲОРОВ,

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

«Давбионазорат» инспекцияси бўлими бошлиғи.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn