Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда
  • 23 Февраль 2017

Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида қабул қилинадиган чора-тадбирлар давлат тузилмаларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтиришда муҳим омил ҳисобланади. 

Мазкур жараёнда мамлакатимиз парламенти ҳузуридаги Жамоат фонди фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ва социал фаоллигини ошириш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, аҳолининг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини амалда рўёбга чиқаришнинг янги механизмларини жорий этишда алоҳида ўрин тутмоқда.

Жамоат фонди ҳар йили фуқаролик жамияти институтларининг 250 дан ортиқ лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашаяпти. Мисол учун, биргина 2016 йилда 12,2 млрд. сўм миқдоридаги маблағ 275 та лойиҳа ва дастурни -молиялаштиришга йўналтирилди.

Йиғилишда Парламент комиссияси аъзолари жорий йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини молиявий қўллаб-қувватлашга ажратиладиган маблағлар миқдори ҳамда устувор вазифаларни муҳокама қилишди.

Қайд этилганидек, давлат грантлари, давлат ижтимоий буюртмалари ва давлат субсидиялари шаклида мингдан зиёд лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга жорий йилда 12 млрд. сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилади. 

— Уларнинг катта қисмини — 45,5 фоизини 5 та грант танловини қўллаб-қувватлашга ажратиш назарда тутилмоқда, — дейди Жамоат фонди директори Абдужалил Тўраев. — Хусусан, ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялаш, ОАВни ривожлантириш, аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, жамиятда миллатлараро тотувлик ҳамда фуқаролар тинчлиги, осойишталиги ва ҳамжиҳатлик муҳитининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган энг яхши лойиҳалар молиявий қўллаб-қувватланади.

Тадбирда Парламент комиссияси аъзолари томонидан ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ижтимоий буюртмани жойлаштиришга маблағнинг 20 фоизи йўналтирилиши кўзда тутилаётгани қайд этилди. Лойиҳалар аҳолининг маданий-тарихий меросини, анъана ва удумларини, замонавий Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва бирдамлик борасида эришган ютуқларини кенг намойиш этишга хизмат қилади. 

Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан 27 февралдан 3 апрелгача ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида танлов эълон қилинди. 

Йиғилишда Парламент комиссияси ва Жамоат фонди фаолиятига тааллуқли ташкилий-ҳуқуқий ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn