Фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар
  • 23 Февраль 2017

Фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил

9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳада эътибор қаратилиши зарур бўлган қатор масалалар алоҳида кўрсатиб ўтилганди.

Хусусан, ўғирлик, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси очилмай қолмоқда. Ёшлар ҳамда аёллар жиноятчилигининг камаймаётгани ҳар биримизни ҳушёрликка чорлайдиган ҳолатдир. Бундан ташқари, 2016 йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан мингдан зиёд жиноятларга қўл урилган. Умумий жиноятларнинг олтитадан биттаси хотин-қизлар томонидан содир этилган.

Табиийки, бундай ҳолатларга бепарво бўлиш асло мумкин эмас. Шу боис Президентимиз тизимдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш мақсадида ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” деб эълон қилишни таклиф этди.

Айтиш жоизки, ана шу таклиф асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган долзарб вазифалар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил татбиқ қилина бошланди. Аниқ айтадиган бўлсак, 16 февралда “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудида профилактик тадбирлар ҳамда учрашувлар ўтказилди.

Уларга жалб этилган ички ишлар органлари ходимлари, прокурорлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари жойларда содир қилинган жиноятларнинг сабаб ва оқибатларини кенг таҳлил этиб бергани юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз учун жуда фойдали бўлди, десак, айни ҳақиқат. Ушбу тадбирларда ёшлар, кенг жамоатчилик мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳаси янгиликларидан бохабар бўлиш баробарида, жиноятчилик турлари, омил ҳамда сабаблари, айни чоғда оқибатлари ҳақида чуқур тушунчага эга бўлдилар.

Профилактика куни доирасида ўтказилган тадбирлар ички ишлар органлари ходимлари учун ҳам манфаатли бўлди, дейиш мумкин. Гап шундаки, улар мазкур тадбирлар чоғида одамлар билан учрашиб, юртдошларимизни ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда фаол бўлишга чорламоқда. Бундан ташқари, ҳуқуқий маданиятни ошириш мақсадида қонунчиликдаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш асносида аҳолини янгиликлардан хабардор этмоқдалар.

Бундай доимий мулоқотлар одамлар билан ҳамнафас бўлиб яшаш ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни турли ғайриқонуний тажовузлардан муҳофаза этишда биз, ички ишлар органлари ходимларини халққа янада яқинлаштиради.

Зотан, Ватанимиз эришаётган ютуқ ҳамда муваффақиятларда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳим омил бўлиб хизмат қилаётган экан, ушбу неъматни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиздир.

“Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудида давом этмоқда.

Камолиддин РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn