Одил судлов ва замонавий талаблар
  • 23 Февраль 2017

Одил судлов ва замонавий талаблар

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик вакиллари томонидан чуқур таҳлиллар асосида ўрганилмоқда.

Шуҳрат ПОЛВОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:

— Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида ўтган йилларда судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя этувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони суд тизимининг иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бинобарин, мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартирилмоқда. Бу эса суд амалиёти давомида юзага келаётган муаммоларни тизимли равишда таҳлил қилиб боришни таъминлаш, амалдаги қонунлар нормаларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаолиятини юқори ўринга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилиши Фармондаги яна бир муҳим жиҳатдир. Бу суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этиш, ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилган ислоҳот бўлиб,  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиради. Айни чоғда одил судловга эришиш даражасини оширади.

Фармонда назарда тутилган талаблар рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш парламент ҳамда мутасадди идоралар олдида турган муҳим ва масъулиятли вазифадир. Биз, депутатлар бу борада янада ташаббускор бўлишимиз зарур.   

Толибжон МАДУМАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Фармонда суд-ҳуқуқ тизимига бугунги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда, самарали механизмларни жорий этиш, ундаги мавжуд ташкилий-тузилмавий тартибларни оптималлаштириш назарда тутилган.

Хусусан, унга мувофиқ, янги — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Бу номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг ушбу жараёндаги иштирокини кенгайтириш ҳамда юқори малакали судьялар корпусини шакллантиришда алоҳида аҳамият  касб этади. 

Судьялар олий кенгаши унинг таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан, Сенат томонидан тасдиқланадиган Кенгаш раиси ва кўпчиликни ташкил этувчи судьялар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги малакали мутахассислар орасидан Ўзбекистон Республикаси -Президенти томонидан тайинланадиган 20 нафар аъзодан иборат бўлади. Судьялар олий кенгашининг 13 нафар аъзоси доимий, 8 нафар аъзоси эса жамоатчилик асосида ўз фаолиятини амалга оширади.

Бундай мезон судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, тизимга оид қонунчиликни янада эркинлаштириш ҳамда либераллаштириш имконини беради. Ўз навбатида, Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўради, номзодлар ва судьялар касбий тайёргарлигини ташкил этади, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўяди. Пировард натижада жамиятда қонунийлик, қонун устуворлигини ўзида уйғунлаштирган конституциявий принциплар янада чуқур қарор топади. 

Холмўмин ЁДГОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:

— Президентимиз Фармони ушбу соҳадаги ишларни янада жадаллаштириш орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани билан эътиборлидир. Жумладан, суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди. Унга судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шароитларни яратиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини моддий ва ижтимоий таъминлашни ташкил қилиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, Фармон билан маъмурий судлар тизими ташкил этилди. Бу амалда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ҳамда манфаатларини суд орқали ўз вақтида ишончли ҳимоя қилиш имконини яратади.

Яна бир янгилик — суд кадрлари захирасини тайёрлаш учун судлар тузилмасига судья ёрдамчиси, судья катта ёрдамчиси лавозимлари жорий этиладиган бўлди. Зеро, малакали кадрлар соҳа фаолиятини бугунги кун талаблари даражасига кўтаришда муҳим ўрин тутади.

Cудлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган бўлиб, ҳозирги даврда ҳеч бир соҳани илғор АКТсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ана шу мақсадда ҳукумат томонидан шу йўналишдаги амалий чора-тадбирлар Дастури тасдиқланиши зарурлиги белгиланди.

Фармонда кўзда тутилган жамики вазифалар суд-ҳуқуқ соҳасини изчил ривожлантириш орқали юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбирлари

Зиёда АШУРОВА, 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn