Пул муомаласи ва ҳисоб-китоб халқимиз учун қулай шаклда бўлади
  • 22 Февраль 2017

Пул муомаласи ва ҳисоб-китоб халқимиз учун қулай шаклда бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири бўлди.

Бинобарин, унда пенсионерлар, талабалар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, хусусан, харид қилинадиган товар ҳамда хизматлар учун тўловларни тўсиқларсиз амалга ошириш учун қулайлик яратишга доир қатъий чоралар белгиланди.

Кеча Тошкент шаҳар ҳокимлиги, давлат солиқ бошқармаси ҳамда Марказий банк бош бошқармаси томонидан уюштирилган матбуот анжуманида ушбу қарор ижроси доирасида пойтахтимизда бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Бугунги кунда ушбу ҳудудда 274,8 минг нафардан зиёд пенсионерлар истиқомат қилаётган бўлиб, улар учун ойлик талаб 167,7 миллиард сўмни ташкил қилади. Ушбу маблағни ўз эгаларига белгиланган муддат ичида бериш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, хоҳловчилар ўз пенсия ёки нафақасини пластик карточка кўринишида ҳам олишлари мумкин. Бунинг учун улар ўзлари яшаётган тумандаги Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан мурожаат қилиши, кифоя.

Тадбирда, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 февралдаги “Пул муомаласини такомиллаштириш ва банк пластик карточкалари асосида ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. 

Ҳозирги пайтда давлат солиқ идоралари ва тижорат банклари ходимлари томонидан пойтахтимиздаги савдо, умумий овқатланиш ҳамда турли хизмат кўрсатиш корхоналарида нақд пул тушумини банк кассаларига ўз вақтида тўлиқ тушишини таъминлаш мақсадида мунтазам тадбирлар ўтказилмоқда. Таҳлиллардан маълум бўлишича, айрим хўжалик юритувчи субъектларда нақд пулларни банк кассаларига топширмаслик, тўлов терминалларидан фойдаланмаслик бўйича қатор ҳолатлар кузатилаяпти. 

— Президентимизнинг мазкур қарори айнан шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, — дейди Сергели тумани давлат солиқ инспекцияси -инспектори Алишер Асқаров. — Чунки жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилувчи ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатмасдан фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас. Эндиликда улар нақд ёки пластик карточка орқали ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб, нархларни сунъий равишда оширса ёки камайтирса, энг кам иш ҳақининг ўттиз баробари, назорат-касса машиналари ва терминалларни ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда, уларни ишлатмаслик, худди шунингдек, квитанциялар, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ҳамда хизматлар кўрсатганлик энг кам иш ҳақининг ўттиз баробаридан эллик баробаригача, пластик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик эса энг кам иш ҳақининг юз баробари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Шу боис биз ҳозирги кунда тадбиркорлар ва аҳолига мазкур қарор мазмун-моҳиятини тушунтириш, терминаллар ўрнатилиши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари сонини аниқлаш борасида чора-тадбирларни кўраяпмиз. 

Умуман олганда, Президентимизнинг ҳар иккала қарори пул муомаласини такомиллаштириш баробарида, аҳолига янада қулайлик яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn