Халқчил институт ва самарали фаолият
  • 21 Февраль 2017

Халқчил институт ва самарали фаолият

Давлатимиз раҳбари Фармони ушбу мақсадга хизмат қилади.

Мустақиллик йилларида дунёда ўхшаши йўқ ноёб институт — маҳалла халқчил тузилма сифатида ўзини ҳар жиҳатдан намоён қилмоқда. Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Миллий матбуот марказида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди олдида турган вазифалар” мавзуида ташкил этилган анжуманда Фармонда маҳалла институтини янада такомиллаштириш юзасидан белгиланган устувор йўналишлар ҳамда уларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Аввало, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақоми берилди. У фуқаролар йиғинлари уюшмаси шаклида тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарларда тузилган кенгашлар эса Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этилади. Бу пировардида маҳалла фаолиятини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари ҳамда Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимлари, шунингдек, фуқаролар йиғинларида эса жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Бу, албатта, ёшларни она-Ватанга муҳаббат, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш, маҳаллаларда тинчлик ҳамда осойишталикни таъминлаш, кекса авлод вакиллари ижтимоий фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини юксалтиришда катта ўрин тутиши ўз-ўзидан тушунарлидир. 

— Ҳамкорлик фаолиятимизда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Дилшода Мирзажонова. — Шу боис Фармонда кенгашлар коллегиал органлари таркибига давлат ҳокимияти вакиллик органлари, тегишли  вазирликлар, “Камолот” ЁИҲ, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари киритилиши назарда тутилган. Шунга мос равишда фуқаролар йиғини кенгаши таркибига фуқаролар йиғини раиси ўринбосарлари, профилактика инспектори, таълим муассасалари ҳамда ҚВП раҳбарлари жалб этилади. Табиийки, бу маҳалла фаолияти янада самарали бўлишига замин яратади.

Тадбирда Фармон асосида ишлаб чиқиладиган фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастурлар хусусида ҳам сўз юритилди. Шунингдек, 2018 йил 1 декабрга қадар туманлар ва шаҳарлар марказларида намунавий лойиҳалар асосида барпо этиладиган “Маҳалла маркази” мажмуалари соҳа ходимлари кўнглидаги гап бўлди.

Иштирокчилар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасидаги вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келаётган фуқаролар ҳамда жамоатчилик тузилмалари вакиллари учун “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилишини юқори баҳоладилар. Зеро, юксак эътибор уларни янада жонкуяр бўлишга илҳомлантиради.

Умуман, Фармонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ долзарб вазифалар назарда тутилган бўлиб, уларнинг самарали ижроси юзасидан таклифлар билдирилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn