Фаолият танқидий таҳлилий кўриб чиқилди
  • 14 Февраль 2017

Фаолият танқидий таҳлилий кўриб чиқилди

Жорий йил 11 февраль куни халқ депутатлари Хатирчи тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида кечган йиғилишда таъкидланганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари 10 кун мобайнида туман аҳолиси билан учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Ҳудудда аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар, бу борада ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа хизмат кўрсатувчи идоралар фаолияти билан танишдилар. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг фаолияти ва улар фаоллигини ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Сессияда депутатлар парламент аъзоларининг халқ билан бевосита мулоқоти мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш баробарида, одамлар турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилаётгани фуқаролар томонидан эътироф этилаётганлигини билдиришди.

Ўрганиш давомида парламент вакиллари тумандаги 500 дан зиёд хонадонларда бўлиб, аҳолининг яшаш шароити, фикр-мулоҳаза ва мурожаатларига эътибор қаратдилар.

Туманда саноат маҳсулотлари ҳамда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йиллардагига нисбатан сезиларли даражада ўсган. Биргина ҳудуддаги корхоналар томонидан 6,2 млн. АҚШ доллари миқдорида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинганлиги аҳолининг турмуш фаровонлиги ва иқтисодий барқарорлик янада ортиб бораётганлигидан далолатдир. Тадбиркорлик субъектларига берилаётган кенг имконият ва улардаги етарли тажрибани инобатга олиб, тижорат банклари томонидан фуқароларга 38 млрд. 865 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган ва бунинг натижасида 1 200 дан ортиқ иш ўринлари яратилгани эътироф этилди.

Йиғилишда ечимини кутаётган айрим камчилик ҳамда муаммолар хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар етарли эмаслиги, бандлик таъминланганлиги тўғрисидаги рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги каби ҳолатлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Депутатлар деҳқон бозорларидаги санитария-гигиена ҳолати талабга жавоб бермаслиги, сотувчи ва харидорлар учун зарур шароитлар яратилмагани, вақтинчалик автотураргоҳларнинг йўқлиги юзасидан ҳам ўз фикрларини билдирдилар.

Таълим муассасаларида болаларга соғлом овқатланиш учун шароит яратилмагани, кўпида тиббиёт хоналари йўқлиги, кутубхоналарда зарур адабиётлар етишмаслиги, лабораторияларнинг эса замон талабига жавоб бермаслиги, муассасалардаги иситиш ва совитиш тизими, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида бажарилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида ҳам сўз борди. Хусусан, ўрганишлар шуни кўрсатдики, қишлоқ врачлик пунктлари ишини тубдан қайта кўриш, уларни малакали тиббиёт ходимлари ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи доимий эътиборни талаб қилади.

Сессияда депутатлар электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар фуқароларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлаётганлигини таъкидладилар.

Халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини, партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ташаббускорлигини ошириш, шу билан бирга, тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни Кенгаш йиғилишларида тизимли равишда муҳокама қилиб бориш, депутатлик назоратини кучайтириш, депутатларнинг ўз сайловчилари билан ишлаш жараёнини яхшилаш, доимий комиссиялар фаолиятидаги юзаки, долзарб бўлмаган масалаларни муҳокама қилиш амалиётига чек қўйиш зарурлигига урғу берилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар муаммоларга ечим топиш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган саъй-ҳаракатлар бўйича таклифларини билдирди ва тумандаги тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботлари тингланди.

* * *

Халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгашининг 13 февраль куни бўлиб ўтган сессиясида парламент аъзолари томонидан тумандаги тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, туман аҳолиси билан бевосита мулоқотлар чоғида кўтарилган масалалар батафсил кўриб чиқилди.

Хонадонларда бўлиб ўтган мулоқотлар фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги шиддатли янгиланишларни ва туб ислоҳотларни мамнуният билан қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда.

Сессияда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар олиб борилгани, натижада истеъмол моллари, ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, капитал қўйилмалар ҳажми ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ўсишга эришилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари ажратилиши натижасида янги лойиҳалар ўзлаштирилмоқда.

Рўёбга чиқарилаётган бу каби амалий ҳаракатлар билан бирга, тадбиркорликка оид қонунчилик ҳужжатларини бажаришда мавжуд муаммо ва камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, туманда янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиши билан бир қаторда, уларга етарлича шарт-шароитларнинг яратилмаганлиги, моддий ресурслар билан таъминланмаганлиги сабабли ўз фаолиятларини тугатган. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини самарали ташкил этишда электр, газ ва сув таъминотидаги муаммолар ҳамон тўсиқ бўлмоқда.

Сессия қатнашчилари кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларни тубдан қисқартиришда ва бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактика ишлари самарадорлигини оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини тубдан жонлантириш лозимлигини таъкидладилар.

Сессияда туман таълим муассасаларининг айримларида мутахассис-кадрларнинг етишмаслиги, бадиий адабиётларнинг танқислиги, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражасининг пастлиги таъкидлаб ўтилди.

Олий Мажлис томонидан тасдиқланган Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши бўйича тумандаги мутасадди идоралар раҳбарларининг ушбу масалага, чунончи, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, айниқса, қиз болаларнинг иш билан таъминланишига юзаки қараётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунларнинг ижросини ўрганишлар давомида фуқаролар томонидан кўтарилган туман тиббиёт бирлашмаси тизимида олий малакали шифокорларнинг етишмаслиги, тиббиёт асбоб-ускуналари ва жиҳозлари билан етарли даражада таъминланмаганлиги, қишлоқ врачлик пунктларида электр энергияси таъминотидаги узилишлар оқибатида тиббий ускуналарни ишлатиш имкониятларининг чекланганлиги, тез тиббий ёрдам бригадаларининг аҳоли сонига нисбатан етишмаслиги каби масалалар сессия иштирокчилари диққат-эътиборида бўлди.

Сессияда барча жабҳада қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни, шунингдек, прокуратура, ички ишлар ҳамда бошқа идоралар раҳбарларининг халқ олдидаги ҳисоботларини эшитиш тизимини такомиллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Сессияда кўтарилган муаммоларни туман, вилоят ва республика миқёсида ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Сессияларда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов иштирок этди.

 

Темур ЭШБОЕВ,

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn