Қонунийликни таъминлашнинг муҳим пойдевори
  • 13 Февраль 2017

Қонунийликни таъминлашнинг муҳим пойдевори

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, суд ҳокимияти чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, юридик ёрдам ҳамда ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, Стратегияга кўра, давлат органларининг юридик хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бинобарин, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва қонун устуворлиги принципини қарор топтириш учун, энг аввало, давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш зарур. Бу эса кўп жиҳатдан юридик хизмат фаолиятига бевосита боғлиқ.

Ўрни келганда айтиш керакки, айрим давлат идораларида юридик хизмат вазифасига иккинчи даражали иш сифатида қараш, юрист штат бирлигини қисқартириш, уларга бошқа вазифаларни юклаб қўйиш, ҳуқуқий характердаги ҳужжатларни қабул қилишда юристларнинг фикрини инобатга олмаслик каби ҳолатлар учраб турар эди. Юрисконсультларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга эътибор берилмагани, жойларда ташкилот раҳбарлари томонидан юридик хизмат ходимларининг ўз вақтида малака ошириши учун зарур шарт-шароит яратилмагани ҳам рост.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу соҳада йиғилиб қолган шу каби талайгина муаммоларни зудлик билан бартараф этиб, юридик хизмат мақомини оширишда муҳим қадам бўлди.

Хусусан, қарорга кўра, юридик хизматлар қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни таъминлашни ташкил этади, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб боради. Айни пайтда -давлат органлари ҳамда ташкилотлари томонидан юридик хизмат ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган -функциялар юклатилиши қатъий тақиқлаб қўйилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари мазкур органлар ҳамда ташкилотлар иштирокида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан зарур чораларни кўриши, буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизматга тақдим этилиши қатъий белгиланди.

Қолаверса, давлат органлари ҳамда ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан юридик хизматлар ташкил қилиниши, уларнинг мавжуд штат бирликлари қисқартирилишига йўл қўйилмаслиги, ҳар йили юридик хизматларнинг тегишли давлат органи ёки ташкилоти фаолиятида қонун устуворлиги ҳамда қонунийлик таъминланиши аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи тингланиши ҳам бу соҳадаги жиддий янгиликдир.

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қўшимча ваколат берилиши, янги вазифалар юклатилиши ҳамда бу борада адлия органларининг масъулияти оширилиши миллий ҳуқуқий тизимдаги яна бир муҳим воқеа бўлди. Адлия вазирлиги юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда методик таъминлаш, уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Мазкур вазифаларни самарали амалга ошириш учун Адлия вазирлигида Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси, ҳудудий адлия органларида эса тегишли шуъбалар ташкил этилади.

Маълумки, ҳозирги кунда жойларда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилгани давлат органларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни янги сифат даражасига олиб чиқди. Жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган давлат органлари ҳамда ташкилотларининг қарорлари юзасидан мажбурий тартибда юридик хизматнинг хулосаси олиниши, шунингдек, давлат органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан берилган шикоятлар мажбурий тартибда юридик хизматлар томонидан кўриб чиқилиши бу жараёнда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар такомиллашиб бораётгани, миллий қонунчилигимизга давр талаблари асосида кўплаб янгилик, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани юристлардан мунтазам равишда ўз устида ишлашни, қонунчиликдаги янгиликларни доимий кузатиб боришни талаб этади. Бугун бир кун ўқишдан, изланишдан тўхтаган, янгиликлардан бехабар қолган ҳуқуқшунос мутахассис сифатида замон талабига жавоб бера олмайди. Шу боис қарорда юридик хизмат ходимлари ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириши ҳамда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтиши белгиланган.

Умуман, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини қарор топтириш, бу жараёнда юридик хизматлар фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар ижроси бизни ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш мақсадига янада яқинлаштиради.

Асқар ҒАФУРОВ,

Юристлар малакасини ошириш 

маркази директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn