Ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида
  • 10 Февраль 2017

Ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида

Жорий йил 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Чехия Республикаси парламенти Депутатлар палатаси раиси Ян Гамачек -бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига уюштирилган ушбу ташриф Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва парламентлараро соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда меҳмонлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, қўмиталар, фракциялар фаолияти билан таништирилди.

Қонунчилик палатаси фаолияти доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, жорий йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш ва жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш мақсадида ҳар ойда мамлакатимизнинг барча вилоятига чиқишлари амалиётга татбиқ этилгани, бундай тажриба фуқаролар билан бевосита мулоқот кучайтирилишига, пировардида қонун ижодкорлиги жараёни самарадорлиги ошишига ҳамда қабул қили-наётган қонунлар сифати тубдан яхшиланишига хизмат қилиши қайд этилди.

Чехия Республикаси парламенти Депутатлар палатаси раиси Ян Гамачек парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва доимий равишда сиёсий мулоқотни олиб бориш муҳимлиги ҳамда бу каби масалалар бошқа йўналишлардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишига асос бўлишини таъкидлади.

Мулоқот давомида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилиб, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти бўйича фикр алмашилди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ҳам Чехия делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ҳамда Чехия ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосида изчил тараққий этаётгани, бунда икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлиги муҳим ўрин тутаётгани билдирилди.

Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Икки томонлама парламентлараро алоқалар мустаҳкамланиши ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишидан манфаатдор эканини таъкидлашди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Чехиянинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn