Одамлар қалбига кириб бориш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланади
  • 31 Декабрь 2016

Одамлар қалбига кириб бориш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланади

Бугун халқимизнинг орзу-умидларини теран англаш, уларнинг оғирини енгил қилиш, одамларни рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш барча бўғиндаги раҳбар, мансабдор шахсларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Ҳаёт олдимизга қўяётган кўпдан-кўп муаммоларни вақтида ечиш ҳақида муттасил қайғуриш, бу йўлда фидойи бўлиб, ҳаловатдан воз кечиб, одамлар дарди билан яшашни даврнинг ўзи ҳар биримиздан талаб этмоқда. Айниқса, одамлар билан доимий мулоқот қилиш, кундалик ташвишлари битилган мурожаат ва шикоятларни кечиктирмай кўриб чиқиш, бу борада турли расмиятчилик, бюрократизм ҳамда сансалорлик ҳолатларига барҳам бериш жуда муҳимдир.
Шу маънода айтганда, Президентимизнинг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони давлат органларининг халқ олдидаги масъулиятини кучайтиришда дастуриламалга айланиши, шубҳасиз.
Бинобарин, Фармонда қайд этилганидек, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси фаолияти давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига, расмиятчилик, бюрократизм ҳамда сансалорлик ҳолатларига доир қатор тизимли камчиликларни аниқлади.
Виртуал қабулхонага йўлланган мурожаатларнинг аксарият қисми тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорларни бекор қилиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой-коммунал ҳамда йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш масалалари, маҳаллий давлат ҳокимияти, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятига тегишлидир.
Одамларни ўйлантираётган, ташвишу оворагарчиликларига сабаб бўлаётган бу муаммолар, аввало, айрим раҳбар ҳамда мансабдор шахсларнинг мурожаатлар билан ишлаш масаласига жиддий ёндашмаётганидан далолат беради. Зотан, ислоҳотларни баҳолаш мезони ҳисобланган мурожаатлар ортида бир ёки бир неча инсонлар манфаати, тақдири туради. Уларнинг тўлиқ, холисона, ўз вақтида кўриб чиқилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Давлатимиз раҳбарининг бу соҳада замон талабларига мос, аниқ ҳамда пухта вазифаларни қамраб олган Фармонига биноан, мурожаатлар билан ишлашда сифат жиҳатидан янги тизим жорий этилади. Бу эса пировардида фуқаролар билан очиқ мулоқотларни кенгайтиришга, халқнинг давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мазкур тизим, аввало, фуқароларнинг бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ҳамда шикоятлар билан мурожаат этишга оид конституциявий ҳуқуқини амалда таъминлашга, уларнинг ўз вақтида ва амалий ечим топишига замин яратади. Фармонда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши одамларнинг қонунларимизда белгиланган ҳуқуқ ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш, фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилиши устидан самарали назорат механизмларини ўрнатиш имкониятини беради.
Айниқса, Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши, тизимлаштирилиши ҳамда кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш ва юритиш йўли билан мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш белгилангани ушбу соҳада давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, самарадорлигини ошириш ҳамда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтиришга туртки беради.
Умуман айтганда, фуқаролар мурожаатлари соҳасидаги қонунчилик талабларининг -бажарилишида сенаторлар фаоллиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, биз, халқ вакиллари ушбу дастуриламал ҳужжатда илгари сурилган мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб қилишимиз, энг чекка ҳудудлардаги сайловчиларимизга, юртдошларимизга тушунтиришимиз, бунда турли расмиятчилик, тадбирбозликдан қочиб, одамларимиз қалбига кириб борадиган самарали ҳамда таъсирчан йўлларни топишимиз айни муддаодир. Шу боис жойларда бўлиб, жамоатчилик фикрини ўрганиш, халқ билан доимий ва очиқ мулоқотлар олиб боришда янада ташаббускор ҳамда фаол бўлиш ишимизнинг мазмунини ташкил қилиши керак.


Икром ҚОРАТОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn