Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — олий қадрият
  • 31 Декабрь 2016

Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — олий қадрият

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосидир” мавзуида анжуман ташкил этилди. Унда Олий суд судьялари, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ходимлари, ҳуқуқшунослар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Иштирокчилар таъкидлаганидек, мамлакатимизда тарихан қисқа давр мобайнида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида салмоқли натижалар қўлга киритилди. Буни суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган даврда судлар фаолияти такомиллаштирилди, умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилди, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилди.
Шуларга мос равишда 2008 йилда ўлим жазосининг бекор қилиниши, шунингдек, жиноий жазолар тизимининг либераллаштирилишига доир чора-тадбирлар натижасида жиноятлар таркибининг 75 фоизига яқини оғир, ўта оғир тоифалардан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган тоифаларга ўтказилди. Айни чоғда жиноят судлов ишлари амалиётига яраштирув институти жорий этилди, судларнинг иқтисодий жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш ўрнига жарималар тарзидаги жазоларни қўллаш имкониятлари кенгайтирилди, миллий қонунчилигимизга “Хабеас корпус” -институти татбиқ этилди.
Қолаверса, кассация инстанцияси ислоҳ қилинди, ишларни қайта кўриб чиқишнинг апелляция тартиби жорий этилди, суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш, судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар, хусусан, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тавсия этишнинг мукаммал механизми яратилди.
Табиийки, ушбу саъй-ҳаракатлар  самараси амалда яққол намоён бўлаётир. Жумладан, 2015 йили озодликдан маҳрум қилинган шахслар сони 2000 йил билан солиштирганда икки баробар камайди. Жиноий жазолар либераллаштирилгани муносабати билан судларда ишларни кўриш чоғида етказилган моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган
39 минг 177 нафардан зиёд шахсга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Яраштирув институти жорий қилинган 2001 йилдан буён 188 минг 236 нафар шахс жавобгарликдан озод этилди.
Инсонпарварлик тамойили асосида амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар туфайли фуқароларнинг судларга ишончи ортмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларда навбатдаги муҳим босқични бошлаб бергани алоҳида эътироф этилди. Мазкур ҳужжатда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш билан боғлиқ устувор йўналишлар белгиланганлиги таъкидланди.
Анжуманда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар хусусида ҳам сўз юритилиб, ана шу мақсадда Олий суд томонидан нашр этилган “Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш тартиби”, “Очиқлик ва шаффофлик — судлар фаолиятининг муҳим тамойили”, “Никоҳ шартномаси — оила мустаҳкамлиги гарови” китобларининг тақдимоти  ўтказилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn