Олий хўжалик суди Пленуми мажлиси
  • 24 Декабрь 2016

Олий хўжалик суди Пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий хўжалик судининг судьялари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда видеоконференцалоқа тизими орқали -Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар хўжалик судлари судьялари иштирок этди.

Тадбирда юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, соҳадаги бюрократик тўсиқлар бартараф этилаётгани натижасида бизнес ва хусусий тадбиркорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Конституциямизда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги кафолатлангани, хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясига олинганлиги бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Айни чоғда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўпроқ эркинлик бериш, соҳадаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга қаратилган кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиндики, улар соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур ҳужжатлар билан давлат тузилмаларининг хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашуви қисқартирилди, хўжалик субъектларига нисбатан қўлланиладиган санкциялар тизими қайта кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди.

Эътироф этилганидек, республикамизнинг истиқлол йилларидаги изчил тараққиёти улкан бунёдкорлик ишларига замин яратди. Пировардида эса янги корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, санъат ва спорт саройлари, йўл ва кўприклар, замонавий уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Ҳар бир қурилиш иши буюртмачилар ҳамда пудрат ташкилотлари ўртасидаги қурилиш пудрати шартномалари асосида амалга оширилаётир. Бу жараёнда соҳадаги хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида муайян низолар ҳам келиб чиқаяпти. Маълумки, қурилиш пудрати шартномаси бўйича мажбу-риятларни бажариш узоқ муддатга мўлжалланиши, ундаги муносабатлар кўплаб қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши, шунингдек, низо вужудга келганда ушбу соҳада махсус билим талаб этилиши сабабли улар мураккаб тоифадаги низолардан бири ҳисобланади. 

Пленум муҳокамасига киритилган “Қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси айни шу масала, яъни хўжалик судлари томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарор лойиҳасида судлар қурилиш пудрати шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни кўриш вақтида ташкилотлар, давлат органлари ва бошқа органлар, мансабдор шахслар ёки масъул ходимлар фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилган ёхуд -тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилинган ҳолатлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўришлари лозимлиги юзасидан батафсил тушунтиришлар берилган.

Шунингдек, қарор лойиҳасида қурилиш пудрати шартномасининг муҳим шартлари, шартномани рўйхатдан ўтказиш ва уни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги талабларга риоя этмаслик оқибатлари, шартнома шакли ҳамда мазмуни, қўшимча бажарилган ишлар ва лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, қурилиш ишларини бажаришда тарафлар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги, бажарилган ишни қабул қилиш, зарарни қоплаш, пудратчи тежами ва бошқа бир қатор масалаларга ҳам ойдинлик киритилган.   

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn