Қонун ижодкорлиги ва назорат таҳлил фаолиятининг янги босқичи
  • 22 Декабрь 2016

Қонун ижодкорлиги ва назорат таҳлил фаолиятининг янги босқичи

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги маърузаси ҳамда Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқиб, партия ва унинг депутатлик корпуси олдида турган  муҳим вазифалар ҳамда ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган чора-тадбирлар режаси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан фракция аъзолари мамлакат раҳбари томонидан қайд этилган қонунларнинг ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини яратиш борасида қилиниши лозим бўлган ишларга, чунончи, қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаётгани, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолаётгани ҳақидаги танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқариш зарурлигига эътибор қаратишди.

Таъкидланганидек, партия Сайловолди дастурида белгиланган асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни қонунчилик йўли билан мувофиқлаштириш, шунингдек, қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартириш борасидаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, электорат манфаатларини таъминлаш бундан буён ҳам партия фракцияси қонун ижодкорлиги фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади. 

Бу соҳада Олий Мажлис депутатларининг янада фаол ҳамда ўз фаолияти доирасида сайловчилар билан янада яқинроқ бўлишлари, қонунларни қабул қилишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига биринчи ўринда эътибор қаратишлари лозимлиги яна бир бор айтиб ўтилди. Ўз навбатида, Президентимизнинг парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари иштирокчилар қайд этганидек, парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти янги сифат босқичига кўтарилишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Йиғилишда қабул қилинаётган қонунларни халққа, ижрочиларга етказиш, уларнинг ижросини таъминлаш механизмларини янада кучайтириш, жумладан, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларда белгиланган ваколатлардан фойдаланиб, тегишли масалалар юзасидан мансабдор шахслар эшитувини тизимли равишда ташкил этиш, амалга оширилган ишларни партия нашрларида ёритиб бориш зарурлиги фракция аъзолари диққат марказида бўлди.  

Шунингдек, сўзга чиққанлар 2017 йилнинг юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Жамоатчилик қабулхоналарининг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, партия ташкилотлари ходимларининг функционал вазифаларини қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлашди. Ушбу мақсадда фракция аъзолари томонидан қонунчиликни инвентаризациядан ўтказиш орқали қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизимига оид нормаларни аниқ белгилашга доир таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги билдирилди. 

Фракция йиғилишида давлатимиз раҳбарининг “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” ҳамда “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзуларидаги маърузаларининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказиш бўйича турли тадбирлар, хусусан, семинар, давра суҳбати, конференция ва учрашувлар ўтказиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

2017 йилга мўлжалланган иш режасига таклифлар тақдим этишга келишиб олинди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn