Халқ билан мулоқот ва ҳаётий қонунларни қабул қилиш
  • 20 Декабрь 2016

Халқ билан мулоқот ва ҳаётий қонунларни қабул қилиш

аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқининг мазмун-моҳияти, аҳамиятига -бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.
Чунончи, жорий йил
19 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда партия Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлисида ана шу маъруза ва нутқдан келиб чиқиб, партия ҳамда унинг депутатлик корпуси олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан фракция аъзолари мамлакат раҳбари маърузасида алоҳида қайд этилган қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини яратиш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар, жумладан, қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаётгани, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолаётгани ҳақидаги танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқариш ва ушбу масалага жиддий ёндашиш зарурлигига эътибор қаратишди.
Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлиш ва уларни қўллаб-қувватлаш партия фракциясининг диққат марказида бўлмоғи лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Фракция аъзолари Президентимизнинг шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари Кенгашларида тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий этиш борасидаги таклифлари ҳам парламентнинг халқ билан янада яқинлашишга, самаралироқ мулоқотга киришишга, уларнинг дардини эшитишга, жойлардаги ижро ҳокимиятининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида эътироф этдилар. Бу жойлардаги ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларни чуқурроқ ўрганиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш, қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиш самарадорлигини оширишига ишонч билдирдилар.
2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш назарда тутилаётгани ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган давлат -бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилишга доир устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим роль ўйнайди.
Якунда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза ҳамда нутқида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан
чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.

* * *
Шу куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитасининг ҳам қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакат раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан партия ташкилотлари ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган муҳим вазифалар ҳамда ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган чора-тадбирлар режаси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Парламент томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлаш, бугунги ислоҳотларга таъсири самарадорлигини ошириш, бевосита халқ билан мулоқотлар ўтказиш орқали мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган халқчил қонунларни ишлаб чиқиш, қонунларни амалда ишлаши учун парламент ва депутатлик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш ҳамда бу борада партиянинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш масалаларига йиғилиш иштирокчилари алоҳида эътибор қаратди. Ушбу мақсадда фракция аъзолари томонидан қонунчиликни инвентаризациядан ўтказиш орқали барча қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизимини шакллантиришга оид нормаларни аниқ белгилашга доир таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда фракция аъзолари томонидан парламентда қабул қилинаётган қонунларнинг ижроси устидан парламент ва депутатлик назорати механизмларидан кенг фойдаланиш хусусида фикр юритилди. Хусусан, қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ҳамда тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини киритиш, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини ошириш, аҳоли билан ўзаро ахборот алмашиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, қонун ва қарорлар ижросини, уларнинг самарадорлигини мунтазам ўрганиб боришда парламент ҳамда депутатлик назоратининг самарали усулларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
“Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги ижросини таъминлаш, бу борада хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш, қолаверса, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, барча даражадаги ҳокимликлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ишларни амалга ошириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди. Айни чоғда давлатимиз раҳбари маърузаларининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламларига етказиш бўйича турли тадбирлар, хусусан, семинар, давра суҳбати, конференция ва учрашувлар ўтказиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги  фракцияси ҳамда партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2017 йилга мўлжалланган иш режасига таклифлар тақдим этишга келишиб олинди.


З. АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn