Инсон манфаатларини таъминлаш ва масъулият
  • 20 Декабрь 2016

Инсон манфаатларини таъминлаш ва масъулият

Ўзбекистоннинг ўтган 25 йиллик мустақил тараққиёт йўли шуни кўрсатдики, мамлакатимизда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида юксак марралар қўлга киритилди. Бу кўп миллатли халқимиз юртимизни янада обод қилиш, фаровон турмуш қуриш каби эзгу мақсадлар йўлида жипслашганининг ёрқин ифодасидир.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг 14 декабрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги нутқи,  аввало, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, жамиятда адолатни қарор топтириш, халқ билан очиқ мулоқотни янги босқичга кўтариш, аҳоли, умуман, ҳар бир фуқаронинг фаровонлигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият ишларида бевосита иштирокини янада кенгроқ таъминлаш каби долзарб масалаларга қаратилгани билан катта ҳаётий ва амалий аҳамиятга эга бўлди.

Қолаверса, нутқда дунёдаги барча давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва амалий мулоқот учун очиқлигимиз, мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлараро ҳамда фуқаролараро тотувликни кўз қорачиғидек асраш, аҳолининг қонуний талаби, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чоралар кўриш каби масалалар устувор вазифа сифатида белгиланган.
Президентимиз, мен бугун Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, жамоат ташкилотлари, бутун халқимизнинг саъй-ҳаракатини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, барчамиз учун азиз ва қадрли бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган ягона мақсад йўлида бирлаштиришга даъват этаман. Бу олижаноб мақсад — изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишдан иборатдир, деган фикрлари мамлакатимиз аҳлини бир буюк ғоя атрофида янада жипслаштиради, ўзини шу муқаддас Ватан келажаги ҳамда тақдири учун масъул, деб билган ҳар бир фуқарони юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол ижрочиси ва тарғиботчисига айлантириши табиийдир.
Маърузада халқ билан мулоқотни янги босқичга кўтариш лозимлиги, халқни рози қилиш, юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиш ҳамда орзу-интилишларини руёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса Конституциямизда белгиланган халқ — -давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги норманинг нақадар ҳаётийлигини тасдиқлайди.
Айниқса, Президентимиз томонидан давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантиришни жадаллаштириш ва фаол ташқи сиёсатни амалга оширишга оид бешта асосий устувор йўналишни қамраб олган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси ишлаб чиқилаётгани юртимизда ислоҳотлар изчиллиги ҳамда бардавомлигини кўрсатади. Зеро, бугун дунё давлатлари ҳам ислоҳотларни узоқ ва қисқа муддатли стратегиялар орқали амалга оширмоқда ҳамда бундай тартиб ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Президентимиз Олий Мажлис, хусусан, биз, халқ вакиллари бўлган депутатларга ҳам қонунчиликни такомиллаштириш ва парламент назоратини кучайтириш, керак бўлса, уни мутлақо янги босқичга кўтариш юзасидан амалий таклиф ҳамда кўрсатмалар берди. Ушбу вазифа ижроси доирасида бугунги кунда қуйи палата, ундаги сиёсий партияларнинг фракциялари ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан нутқда белгилаб берилган устувор вазифаларни тўлиқ ҳамда ўз вақтида, самарали ижро қилиш учун махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ҳамда туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарлар ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш масаласи кун тартибига қўйилди. Албатта, бундай тартиб бизга, аввало, жойлардаги муаммолар билан яқиндан ва мунтазам хабардор бўлиш, кўплаб муаммоларни жойида ҳал этиш имкониятини яратиб, маҳаллий ижроия органлари масъулиятини оширади. Қолаверса, қабул қилинажак қонунларимизнинг ҳаётийлиги ва оддий одамлар турмуш тарзини яхшилайдиган нормалар билан бойишига асос бўлади.
Энг муҳими, маърузада “бунёдкорлик жараёнининг қудратли ва ҳал қилувчи кучи, ҳеч шубҳасиз, кўп миллатли халқимиздир”, “мен, аввало, кўпни кўрган, донишманд халқимизга, сиз, азизларнинг ёрдам ва кўмагингизга таянаман ва ишонаман”, “биз, биринчи навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан”, “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” каби давлат бошқарувидаги бундай мазмундаги халқчил сиёсат, ўтган қисқа даврда амалга оширилган шиддатли демократик ислоҳотлар, бугун хорижий давлат ҳамда жамоат арбоблари томонидан алоҳида эътироф этилаётганидек, Ўзбекистонимиз учун муҳим ва янги даврни бошлаб беради, албатта.


Нодир МУХТОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn