Ижтимоий шериклик — амалда
  • 20 Декабрь 2016

Ижтимоий шериклик — амалда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги  йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Парламент комиссияси аъзолари, ижтимоий шериклик субъектлари — давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Йиғилишда жамиятда ижтимоий шериклик муносабатларини  кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва ННТнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларини молиявий қўллаб-қувватлашни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. 
Бугунги кунда Ўзбекистонда ўн мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 1,4 мингга яқин оммавий ахборот воситалари, 8,5 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатаётгани қайд этилди. Уларнинг фаолияти аҳоли турли қатламлари ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, жамиятда тинчлик, фаровонликни таъминлаш, ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишга йўналтирилган.
Мамлакатимиз парламенти томонидан қабул қилинган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва ННТ фаолиятини самарали ташкил этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларда давлат ижтимоий буюртмалари, давлат грантлари ва давлат субсидияси кўринишида фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ҳамда ННТнинг лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан қўллаб-қувватланиши белгилангани эътиборга молик.
Чунончи, 2008 — 2016 йиллар мобайнида Парламент комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан 58,8 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва ННТнинг фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ҳамда дастурларига йўналтирилган. Мазкур кўрсаткич жорий йилда 11 млрд. сўмни ташкил этди.
Тадбирда 2016 йилда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий долзарб вазифаларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги жуда юқори даражада кузатилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бундай фаоллик ўтказилган давлат ижтимоий буюртмалари ҳамда давлат грантлари, яъни 9 та танлов натижаларида ўз тасдиғини топди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фондининг давлат гранти танловларида 1264 фуқаролик жамияти институти, ОАВ ва ННТ ўзларининг 1428 лойиҳаси билан қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди ва Парламент комиссияси томонидан давлат органлари мутахассислари, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мақсадли гуруҳлар, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ҳамда ННТ вакиллари билан доимий мулоқотлар, аниқ мақсадга йўналтирилган, тўғри ва тизимли механизм ўрнатилганига алоҳида урғу берилди. Айниқса, қўшимча танловларнинг йўналишлари ҳамда мавзуларини ишлаб чиқиш мақсадида жойларда ННТнинг раҳбар ва фаоллари, шунингдек, давлат органлари вакиллари иштирокида “Ижтимоий шериклик: тинчлик, тотувлик, фаровонлик ва барқарор ривожланиш кафолати” мавзуида ташкилий-амалий ҳамда ахборот-маърифий семинар ва тренинглар ўтказилгани диққатга сазовор. 
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси қарорига мувофиқ эълон қилинган қўшимча давлат ижтимоий буюртма ва грантларини ажратиш ҳамда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди. Айтиб ўтилганидек, қўллаб-қувватланган лойиҳалар аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш билан боғлиқ ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий вазифаларни самарали амалга оширишда кўмаклашиш ҳамда ижтимоий шерикликни кучайтириш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий барқарорлик, тинчлик ва осойишталик, миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик, аҳоли бандлигини, қолаверса, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламлари — аёллар, ёшлар ва ногиронларнинг доимий бандлигини таъминлаш, уларни халқ ҳунармандчилиги тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқариш, оилавий бизнес ҳамда тадбиркорликнинг турли шаклларига жалб қилишга кўмаклашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 
Йиғилишда Парламент комиссияси ва Жамоат фонди фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Якунда Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn