Парламент назоратини кучайтириш қонунлар ижросини таъминлашда муҳим ўрин тутади
  • 17 Декабрь 2016

Парламент назоратини кучайтириш қонунлар ижросини таъминлашда муҳим ўрин тутади

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқини катта қизиқиш ҳамда юксак масъулият ҳисси билан тингладик. Унда илгари сурилган устувор вазифалар нафақат юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айни пайтда парламент фаолиятини янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Жумладан, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш билан боғлиқ таклифи, айниқса, сенатор ҳамда депутатлар фаолияти учун ниҳоятда муҳим бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бунинг учун, таклиф этилганидек, ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10 — 12 кун давомида бир туманда бўлиб, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса беришлари лозим бўлади. Спикер ва Сенат Раиси жойларда ўзлари бош бўлиб, маҳаллий Кенгашларда ана шундай муҳокамалар ўтказади. Бундай тизимнинг жорий этилиши, мавжуд муаммо ҳамда камчиликларни бартараф қилишнинг оқилона йўли, десак, тўғри бўлади. Дарҳақиқат, халқ томонидан сайланган халқ вакиллари уларнинг орасида бўлиб, мавжуд вазиятни янада яқинроқ ўрганади. Бу эса масалани жойида ва ўз вақтида ҳал этиш имконини беради. Бугун халқимиз биздан шуни кутмоқда.

“Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги ижросини барча соҳада мониторинг қилиш, шунингдек, бу борада хорижий мамлакатлар илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Ушбу масала ҳам Президентимизнинг нутқида чуқур таҳлил қилинди. Зеро, бугунги кунда мақсадимиз мамлакатимизнинг чет давлатлар билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва хорижда республикамизнинг иқтисодий имкониятларини кенг тарғиб қилиш орқали унинг халқаро нуфузини янада ошириш, инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш, туризм соҳасини бундан-да ривожлантиришдан иборат экан, парламент назоратининг янги механизмини йўлга қўймасдан туриб, уларга эришиш мумкин эмас.

Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари таклифи билан Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат идораларининг бу йўналишлардаги фаолияти устидан самарали парламент назорати тизимини яратиш мақсадида Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. Шунга мос ҳолда, Сенатнинг тегишли қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Шу ўринда Конституциямизнинг 78-моддасига мувофиқ, мамлакатни модернизация қилиш, жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштиришни таъминлашда муҳим ўрин ва жавобгарлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига юклангани бежиз эмаслиги яна бир карра таъкидлаб ўтилди. Шунинг ўзиёқ ҳар бир сенатордан катта масъулият талаб этади. Нутқда илгари сурилган вазифалардан келиб чиқиб, қонунларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш, назорат-таҳлил фаолиятимизни янада ривожлантириш, бу борада сенаторларимиз ташаббускор бўлишлари айни мақсадга мувофиқдир. Шундай экан, бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариб, маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликдаги фаолиятимизни бугунги талаблар асосида кучайтиришга эътибор қаратамиз.

Қолаверса, давр талабига мос келадиган, аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган, ҳар томонлама мукаммал қонунларни маъқуллаш ҳам доимий эътиборда бўлади. Пировардида буларнинг барчаси халқимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, эртанги кунимиз янада порлоқ бўлишига хизмат қилади.

Толибжон МАДУМАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn