Қонун устуворлиги — адолатли жамиятнинг асосий мезони
  • 14 Декабрь 2016

Қонун устуворлиги — адолатли жамиятнинг асосий мезони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликка эришиш, иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни равнақ топтириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди. Мухбиримиз уларнинг мазмун-моҳияти хусусида сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Сайёра БАРАТОВА, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:

— Сенаторлар парламентимиз юқори палатаси кун тартибига киритилган ҳар бир масала муҳокамасига алоҳида эътибор, катта масъулият ва дахлдорлик ҳисси билан ёндашди. Бу бежиз эмас. Бинобарин, Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги концептуал маърузасида парламентнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга амалий таъсирини кучайтириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, маърузада парламентга шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари Кенгашларида тегишли раҳбарлар ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий қилиш таклиф этилгани, айниқса, халқ вакилларининг зиммасига катта масъулият юклайди. Негаки, парламент назоратининг ушбу таъсирчан ва ҳаётий механизми кенг жорий этилиши халқ билан самарали мулоқотга киришиш ҳамда одамларнинг дардини эшитиб, жойларда ижро органлари масъулиятини янада кучайтиришимизга туртки беради, десам, адашмайман. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида жойлардаги ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларни чуқурроқ ўрганиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш, қабул қилинадиган ҳар бир қонуннинг халқчиллигини таъминлаш, энг муҳими, уларнинг ижроси самарадорлигини оширишга олиб келади. Шу сабабли ялпи мажлисда сенаторларимиз ҳар бир қонун, кўриб чиқилган масалани нафақат оммавий ахборот воситалари орқали, айни пайтда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, одамлар яшаётган жойларда кенг тушунтириш зарурлигини таъкидлашди.

 

Толибжон МАДУМАРОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қонунчилик ташаббуси билан киритилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, аввало, фуқаролар, жумладан, тадбиркорларнинг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига ишончини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан -тартибга солишга қаратилган.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши курашиш борасида давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини юксалтиришга, шунингдек, жамият ҳаётининг барча соҳасида бундай ҳолатга тўлиқ барҳам беришга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали коррупциянинг барча кўринишига нисбатан муросасизлик муҳитини яратишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Гулнора ТЎРАЕВА, Жиззах вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор: 

— Маълумки, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан кенг кўламли ислоҳотлар стратегияси ишлаб чиқилди. Жумладан, Президентимизнинг шу йил 5 октябрдаги Фармони билан тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Сенатнинг ялпи мажлисида ушбу ислоҳотларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун қизғин муҳокама қилинди. Сенаторлар томонидан маъқулланган Қонунда белгиланган қоидаларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини равнақ топтириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этишга доир ислоҳотлар узвийлиги ва изчиллигини таъминлаш имконини беради, хусусий мулк ва ишбилармонларимизни мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий тараққиётини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишнинг чинакам локомотивига айлантиради. 

Тоҳир БАҲРОНОВ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг “Бухоро” халқаро аэропорти директори, сенатор:

— Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида халқаро муносабатларни, туризмни янада ривожлантириш, мамлакатимиз инвестиция сиёсатини кучайтириш борасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, ташқи сиёсий фаолият, халқаро иқтисодий ҳамкорлик, мамлакатимиз ҳудудларига чет эл инвестициялари ва илғор технологияларни фаол жалб этиш, туризмни ривожлантиришда парламентнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратининг тизимли ва чуқур йўлга қўйилиши халқимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муҳим ўрин эгаллашида қўл келади.

Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини юксалтириш мақсадида сенаторлар Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Бу халқаро муносабатлар соҳасида парламент назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Ўз навбатида, парламент юқори палатасининг янги ташкил қилинган Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси фаолиятининг самарали йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда нуфузини ошириш, юртимизнинг манфаатларини дунёда илгари суришга қаратилган чора-тадбирларнинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади. Қўмита халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалаларида парламент назоратининг муҳим бўғинига айланади.

 

Шоҳида АРИПОВА, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати директори, сенатор:

— 2017 йилги Бюджетнома янгича ёндашувлар, пухта, чуқур таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган. Унда аввалги йиллардаги каби бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинган. Чунончи, Давлат бюджетининг умумий харажатларида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган харажатлар миқдорини 2017 йилда 59,7 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Ваҳоланки, 2000 йилда бу кўрсаткич 42,5 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда 59,5 фоизни ташкил этиши кутилаяпти.

Келгуси йилда бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи тўловлари, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорининг инфляция даражасидан юқори миқдорларда оширилишининг изчил давом эттирилиши аҳоли турмуш даражаси юксалишига хизмат қилади. Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқув юкламаларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифлар, таълим муассасаларида педагогик иш юкламасининг камайиши ҳисобига амалга оширилаётганлиги ўқитиш жараёни самарадорлигини таъминлаш билан бирга, ўқитувчиларнинг иш вақтидан оқилона фойдаланишига имкон яратади. Бюджет интизомига қатъий риоя қилиш, унинг манзиллилигини таъминлашда назорат-таҳлил тадбирлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

 

Гавҳар АЛИМОВА, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган 2017 йилги аҳоли бандлиги дастури мамлакатимизда ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2017 йилги дастурга кўплаб янгиликлар киритилган. Хусусан, ўтган йиллардан фарқли равишда келгуси йил дастурининг параметрлари янада оптималлаштирилиб, ҳудудлар ва корхоналарнинг реал имкониятлари ҳисобга олинган. Қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш, туман ва шаҳарларда кичик саноат зоналари ташкил этиш ҳисобига иш ўринлари яратишнинг йўналишлари кенгайтирилган. Жумладан, ҳудудлардаги мавжуд ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш орқали иш ўринларига талаб юқори бўлган 34 та туманда аҳоли бандлигини таъминлашга доир махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилаяпти. Бу нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятларини кенгайтиради, балки ушбу ҳудудларда бугунги кунда мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини юксалтириш ҳамда замонавий инфратузилма объектларини барпо этиш имкониятини яратади. Албатта, биз, сенаторлар ушбу дастурнинг самарали ижро этилиши устидан ҳар бир ҳудуд ва тармоқ кесимида парламент назоратини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигининг тўлиқ таъминланишига эътиборни кучайтиришимиз лозим.

 

Батир МАТМУРАТОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим қонунлар кўриб чиқилди. “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонун ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш, жойлаштириш ва сақлаш, уларни кўрикдан ўтказиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби, шунингдек, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш режимини таъминлаш чора-тадбирлари, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари каби масалалар назарда тутилган. Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши маъмурий қамоқни ўташ соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солиш, хусусан, мазкур муносабатлар субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга, бу борадаги вазифаларнинг сўзсиз бажарилишига хизмат қилади. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янгича мазмун билан бойитади, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари кафолатларини амалда таъминлаш имконини беради.

 

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn