ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши мажлиси
  • 13 Декабрь 2016

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши мажлиси

2016 йил 12 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда даставвал шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларига тўхталиб ўтилди. Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан сайлов миллий қонунчилигимиз талаблари ҳамда умумэътироф этилган халқаро меъёрларга мос равишда очиқлик, ошкоралик, муқобиллик асосида ўтганлиги алоҳида таъкидланди. Унда партиядан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди.
Қайд этилганидек, Президент сайловида халқимиз юксак сиёсий фаоллик намойиш этиб, тараққий топган демократик мамлакатлар қаторидан жой олиш, очиқ ва адолатли жамият барпо қилиш йўлидаги стратегик мақсад ҳамда вазифаларимиз амалга оширилишини давом эттириш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражасини изчил юксалтириб боришдек эзгу ислоҳотларимиз изчиллиги учун овоз бердилар.
Мажлисда ушбу сиёсий тадбирда ЎзЛиДеП муносиб иштирок этгани, партиядан кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастури халқимиз қалбидан чуқур жой олгани ҳамда тўлиқ қўллаб-қувватлангани, бу эса, ўз навбатида, барча тузилмавий бўғинига, унинг ҳар бир фаоли зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.
Йиғилишда мамлакатимиз Конституциясининг 98-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўрсатиш масаласи Сиёсий Кенгаш аъзо-
лари томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, Асосий Қонунимизга биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Муҳокамалар давомида қайд этилганидек, бугун ўз ваколатларини амалга оширишга киришган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган, мамлакатимиз ҳаётига бевосита дахлдор масалаларни ҳаётга татбиқ қилиш кўп жиҳатдан ҳукуматга раҳбар бўладиган инсондан ҳам катта салоҳият ва ташкилотчиликни талаб этади. Сабаби, ушбу дастурда қўйилган масалалар нафақат иқтисодиёт ёки ижтимоий соҳалар, балки кўплаб бошқа соҳаларда ҳам аниқ белгиланган режаларни амалга оширишни талаб қилади.
Мажлис қатнашчилари бўлиб ўтган муҳокамалар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентига Бош вазир лавозимига ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Нигматович Арипов номзодини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Таъкидланганидек, Абдулла Нигматович Арипов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти учун масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир, ташаббускор ва талабчан, янгиликка интилувчан, жонкуяр ва ватанпарвар, қуйидан юқоригача бўлган барча бўғиндаги ижро органларини бошқаришда етарли тажриба ва салоҳиятга эга бўлган фидойи инсондир.
Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.


Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn