Суд ҳокимияти мустақиллиги — одил судлов кафолати
  • 13 Декабрь 2016

Суд ҳокимияти мустақиллиги — одил судлов кафолати

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  2016 йил 21 октябрда имзоланган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлиги, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш каби муҳим мақсадларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Мухбиримиз ушбу дастурий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, тизимда амалга оширилаётган ишлар хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Шоюнус ГАЗИЕВ билан суҳбатлашди.

— Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик ҳуқуқий давлат ҳамда адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, бу борада салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда, — дейди Ш. Газиев. — Буни юридик ва жисмоний шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳар жиҳатдан кафолатлаб келинаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу борада мамлакатимиз Конституцияси ҳуқуқий асос бўлаётир. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг
35-моддасида белгиланганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклиф ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади. 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб қўйилган.
Фуқаролар мурожаатлари билан боғлиқ барча масала ушбу конституциявий меъёрлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солиб келинмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, аввало, мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун муҳим аҳамият касб этганини айтиш ўринли. Айни чоғда соҳанинг ҳуқуқий асоси замон талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилмоқда. Хусусан, 2014 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексининг бир қатор моддалари янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра, суд қарорларига нисбатан нафақат ишда иштирок этувчи шахслар, балки ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар ҳам шикоят (ариза) билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Натижада судларда кўрилаётган низо турлари, шу жумладан, иқтисодиёт, мулк ва мерос билан боғлиқ мурожаатлар сони ошиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали тиклашга бўлган ишончи тобора юксалиб бораётганидан далолатдир. Кези келганда судлар ҳар бир мурожаат ортида инсон ва унинг тақдири турганини инобатга олиб, уларни ўз вақтида қонуний ҳал этиш, адолатли қарорлар қабул қилинишига масъулият билан ёндашаётганлигини таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, 2014 йил 4 декабрда амалга киритилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун асосида давлат органларига мурожаат этиш тартиби янада такомиллашди, десак, айни ҳақиқат. Зеро, унда соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланиши баробарида, фуқаролар, шунингдек, давлат органлари, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш имконияти кенгайди ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўла янгиланди.
— Келтириб ўтилган қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан судлар томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Умумюрисдикция судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича муайян ишлар олиб борилаяпти. Буни мана бу рақамлар ҳам тасдиқлайди. Жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Олий судига жисмоний ва юридик шахслардан 20 мингдан ортиқ, умуман олганда, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича республика судларига жами 85 минг 603 та мурожаат келиб тушган. Шу даврда Олий судда 4 минг нафардан зиёд жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабул қилинди. Шундан 1 минг 900 нафарга яқин шахслар бевосита Олий суд раҳбарияти томонидан қабул қилинган бўлиб, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан 674 та суд қарорига нисбатан протестлар келтирилди.
Шунингдек, жойларда фуқаролар қабулини ўтказиш тартиби йўлга қўйилди. Сайёр қабуллар барча вилоятда фуқаролар олдиндан хабардор қилинган ҳолда ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 265 нафар жисмоний ва юридик шахс вакиллари ана шу аснода қабул қилинди.
Судлар фаолиятига жорий этилган “E-SUD” миллий электрон суд иш юритуви тизими жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиши учун янада қулай имконият яратди. Мазкур тизим орқали судларга тўғридан-тўғри электрон тарзда ариза, даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларни юбориш мумкин.
Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида “E-SUD” тизими самарали йўлга қўйилган. Бу тизим жорий этилганидан буён жисмоний ва юридик шахслардан 187 мингдан ортиқ мурожаатлар электрон тарзда қабул қилинди.
Ахборот айирбошлаш ҳимояланганлигини таъминлаш, қоғозни тежаш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари самарадорлигини ошириш мақсадида Олий суд тизимида “Е-хат” ҳимояланган корпоратив электрон почтаси ишга туширилганидан ташқари, веб-сайтимизда “Интернет қабулхона” ҳам очилди. Фуқароларнинг мурожаатлари мунтазам равишда электрон тарзда қабул қилинмоқда ва уларнинг хоҳишига қараб, жавоблар шу тарзда ёки қоғоз шаклида бериб борилаяпти.
Яна бир муҳим масала: яқинда Ўзбекистон ҳукумати порталида ташкил этилган мамлакатимиз Бош вазирининг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) орқали мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш ва ўз вақтида кўриб чиқиш тартиби жорий этилгани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Натижада бугун минглаб юртдошларимиз ҳал этилмаган масалалар, айрим муаммолар, ариза ва шикоят ёки таклифлар билан тўғридан-тўғри Бош вазирга мурожаат қилмоқдалар. Ана шу мурожаатлар орасида cудлар фаолиятига тааллуқлилари ҳам бор, албатта. Қисқа даврда ушбу виртуал қабулхона орқали Олий судга 14 000 га яқин мурожаатлар келиб тушди.
— Янги Фармон шу йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш орқали фуқароларга ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришда айни муддаодир.
— Дарҳақиқат, ушбу дастурий ҳужжат соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Унинг ўзига хос жиҳати ва зарурати ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, унда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари белгилаб берилганини таъкидлаш лозим. Яъни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ва одил судлов даражасини ошириш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари сифатида эътироф этилди.
Гарчи, миллий қонунчилигимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини кафолатлашга қаратилган нормалар мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, бироқ  бугунги талаб ва халқаро стандартлар асосида кафолатни янада кучайтириш айни зарурат эди. Зеро, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминламай туриб, асосий мақсад — одил судловни амалга ошириш, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга эришиб бўлмайди.
Шу боисдан ҳам Фармонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган энг илғор, замонавий механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Хусусан, судьялик лавозимида бўлишнинг янгича тартиби  судьялар мустақиллигини кафолатлаш баробарида, тизимни юқори малакали, одил судлов борасида бой тажрибага эга, мустақил фикрлайдиган, ҳалол ва юқори обрў-эътиборли кадрлар билан тўлдиришга хизмат қилади.
Яна бир янгилик — 2017 йилнинг
1 апрелидан адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш билан боғлиқ вазифалари ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилиши бўлди. Бу бежиз эмас. Гап шундаки, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлган ва ҳеч қайси идорага молиявий қарам бўлмаган суд ҳокимияти ўз зиммасига юклатилган одил судлов фаолиятини самарали ташкил этиши мумкин.
Ўз навбатида, мазкур ҳужжатда хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш, фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни ташкил этиш каби бир қатор ўзгаришлар назарда тутилган. Бу ҳам суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Айтиш керакки, Фармондаги асосий вазифалар ва янги нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш борасидаги 8 та энг устувор соҳа бўйича 45 та аниқ тадбир белгиланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Эътиборлиси, Дастурда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим стратегик ва устувор соҳалари тўлиқ қамраб олинган.
— Мазкур ҳужжатдаги муҳим жиҳатлардан яна бири судьялик ваколати узайтирилишидир. Бу янгилик қандай натижа беради, деб ўйлайсиз?
— Фармонга мувофиқ, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи таклиф илгари сурилди. Бундан кўзланган мақсад судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялар корпусини ҳар жиҳатдан етук, юксак маънавий ва касб фазилатларига эга, зиммасига юклатилган вазифаларни самарали ҳал қилишга қодир бўлган ходимлардан шакллантиришдан иборат. Ушбу адолатли тамойил судьяликка номзодлар орасидан энг муносибларини танлаб олишда қўл келади. Судьяларнинг ўз вазифасига катта масъулият билан ёндашувини таъминлайди, уларда давлат ва жамият олдидаги масъулият ва жавобгарлик ҳиссини оширади. Бу халқаро амалиёт ва ривожланган давлатларда қўлланиб келинаётган илғор тажрибага тўла мос эканлигини қайд этиш жоиз.
— Фармонда муқобил жазо турларини қўллаш доирасини кенгайтириш ва жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддатини қисқартириш ҳам назарда тутилган. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.
— Мазкур ҳужжатга мувофиқ,
2017 йилнинг 1 апрелидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш имконияти кенгайтирилади. Бу жиноий жазони либераллаштириш, ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг илғор усулларини кенг қўллаш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди.
Халқимизга хос бўлган ярашув институти доираси кенгайтирилиши қонунни четлаб ўтган, содир этган қилмишидан пушаймон бўлган ҳамда етказилган зарарни қоплаган фуқароларни жавобгарликдан озод қилиш имконини беради. Яъни ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим турдаги жиноятлар жиноят тоифасидан чиқарилади.
Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддатини 72 соатдан 48 соатга камайтириш ҳам инсонпарварлик тамойилига тўлиқ мос келади. Айни чоғда қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда. Бу чора-тадбирлар, аввало, фуқаролар эркинлигини асоссиз чеклаш ҳолатларидан ҳимоя қилинишини, қолаверса, суриштирув ва тергов органлари масъулияти ва фаолияти самарадорлигини оширишда алоҳида ўрин тутади.
Бу чора-тадбирлар ривожланган давлатларнинг тажрибасига мосдир. Масалан, жиноят содир этганликда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш Германияда — 12 соат, Франция, Швейцария ва Жанубий Кореяда — 24 соат этиб белгиланган.
— Судлар ваколатлари янада кенгайтирилмоқда. Шу хусусда ҳам сўз юритсангиз.
— Маълумки, Конституциямизда инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги мустаҳкамланган. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига мос келадиган ушбу тамойил фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимояси билан боғлиқ барча ҳолатга суд томонидан ҳуқуқий баҳо беришни тақозо этади.
“Хабеас корпус” институтини қўллаш имкониятини янада кенгайтириш мақсадида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилаётгани муҳим янгиликлардан бўлди. Шунингдек, судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш имконияти берилаётир.
Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд ҳокимияти чинакам мустақиллигига эришиш, шу мақсадда Фармон ижросини таъминлаш билан боғлиқ бир қатор масалаларни илгари сурди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017 йилда бу масалалар олдимизда турган долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Умуман, мазкур Фармонда белгиланган устувор чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юртимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради. Бу эса суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинади, деганидир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn