Парламент ва сиёсий партиялар халқ билан янада яқин бўлади
  • 10 Декабрь 2016

Парламент ва сиёсий партиялар халқ билан янада яқин бўлади

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” номли маърузасида мамлакатимиз тараққиётининг навбатдаги босқичи учун муҳим бўлган долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил жараёнида ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш мақсадида Олий Мажлисда ушбу масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг вакили лавозимини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Албатта, Қонунчилик палатасига ташаббус ҳуқуқи асосида киритилаётган қонун лойиҳаларининг асосий қисми Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилаётгани ҳамда парламентнинг қонунлар ижроси бўйича олиб борилаётган назорат-таҳлил фаолиятининг аксарият қисми  ижро ҳокимиятига тўғри келишини ҳисобга олсак, ушбу институтнинг жорий этилиши нафақат парламент, айни чоғда ижро ҳокимияти фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилади. 

Маърузада парламентга шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари Кенгашларида тегишли раҳбарлар ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий қилиш таклиф этилди. Албатта, парламент назоратининг ушбу таъсирчан механизми кенг жорий этилиши парламентнинг оддий халқ билан янада яқинлашишга, самаралироқ мулоқотга киришишга, уларнинг дардини эшитиш, жойларда ижро ҳокимиятининг масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, жойлардаги ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни чуқурроқ ўрганиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш, қабул қилинадиган ҳар бир қонуннинг халқчиллигини таъминлаш, энг муҳими, уларнинг ижроси самарадорлигини оширишга олиб келади.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш борасида билдирган таклифлари давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилишга доир устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим роль ўйнаши, шубҳасиз. Зеро, бундай тартиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасида расмиятчилик ва коррупцияга қарши кураш олиб боришнинг муҳим кафолати ва зарур шартидир.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва улар тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш зарурлигини қайд этар экан, улар сиёсий партиялар тизимида фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқлиги, сабаби, сиёсий партия фуқаролар мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиши зарурлигини таъкидлаб, бу яқин келажакда жамиятда туб ўзгаришлар ясашига ишонч билдирди. Демак, ташкил этиладиган “Халқ қабулхоналари” сиёсий партияларни аҳолининг кенг қатламлари ва ўз электоратига янада яқинлаштиришнинг самарали механизмига айланиши тайин.

Шу ўринда кириб келаётган 2017 йилга юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши ўз мазмун-моҳияти билан Ўзбекистон фуқароларига бирдек манзур бўлганини алоҳида қайд этиш жоиз. Бу, айниқса, биз, депутатларнинг сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувларда қонунлар тарғиботини кенг йўлга қўйиш, аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, жойларда мавжуд қонунларнинг сўзсиз бажарилишини назорат қилишга алоҳида масъулият юклайди. Зеро, бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар юртимизда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, пировардида аҳоли манфаатларини самарали муҳофаза этишга хизмат қилади.  

Тўлқин АБДУСАТТОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn