Парламент аъзоларининг халқаро кузатувчилар билан учрашувлари
  • 06 Декабрь 2016

Парламент аъзоларининг халқаро кузатувчилар билан учрашувлари

5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоиловнинг Индонезия Вакиллар палатаси раиси ўринбосари Фахри Хамза, Индонезия халқ вакиллари палатаси қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик, балиқчилик ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш қўмитаси аъзоси Маҳфуз Сиддиқ, Малайзия парламенти Сенати раиси ўринбосари Абдул Халим бин Абд Самад, сенаторлар Мохд Салим бин Шариф, Бун Сом Инонг билан учрашувлари қизғин кечди.

Мулоқотлар чоғида меҳмонларга Ўзбекистон парламенти фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши, қонунчилик тизимидаги янгиликлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, парламент ва сиёсий партиялар ўрнининг қонуний жиҳатдан мустаҳкамлангани тўғрисида сўзлаб берилди.

Демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил ахборот тақдим этилди. Жумладан, туризмни жадал ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бундан буён ҳам фаол қўллаб-қувватлаш, хусусий мулкни муҳофаза қилиш ва унинг дахлсизлигини кафолатлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга йўналтирилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, Индонезия Вакиллар палатаси раиси ўринбосари Фахри Хамза икки давлат парламентлари ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, барча соҳада, хусусан, бизнес алоқаларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлардан манфаатдор эканини билдирди. Айни чоғда Ўзбекистон Республикасининг сайловга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари билан таниш экани, овоз бериш тартиб-таомиллари қонунчиликка мос, замон талаблари даражасида амалга оширилганини, энг асосийси, сайловда очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик тамойиллари таъминланганини алоҳида қайд этди.

— Тошкент шаҳридаги бир нечта сайлов участкаларида бўлганимда сайловчиларнинг овоз беришда фаол иштирок этганининг гувоҳи бўлдим, — деди Индонезия Вакиллар палатаси раиси ўринбосари Фахри Хамза журналистларга берган интервьюсида. — Участкаларда тиббиёт, она ва бола хоналари ташкил этилгани, партиялар кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда халқаро кузатувчиларнинг самарали фаолият олиб бориши учун яратилган шароитлар ҳам эътиборга молик. Яна бир жиҳат диққатимни жалб қилди, сайлов участкасига келиш имконига эга бўлмаган кишиларнинг уйига махсус кўчма қутилар олиб борилгани халқингизга хос инсонпарварлик ва бағрикенглик бўлса, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун сайлов участкаларида махсус йўлакчалар, махсус кабиналар ҳамда Брайль алифбосидаги бюллетенларнинг тарқатилгани сайлов тизимидаги тенгликнинг яна бир ифодасидир, десам, янглишмайман. Ўйлайманки, Ўзбекистонда амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар бардавом бўлади.

Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари раислари ҳамда аъзоларининг Лондондаги Уолтхэм-Форест тумани муниципалитети депутати Милл Бернадет, Литва Сейми Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳи раиси Валериус Симулик, Париждаги ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқарув мустақил факультети профессори Пьер-Эммануэль Дюпон билан учрашувларида юртимизда барча жабҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг демократик жараёнларни чуқурлаштириш ва ҳуқуқий жамиятни ривожлантириш борасидаги роли, парламент фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳаётга татбиқ қилинган ислоҳотларни юқори баҳолаб, куни кеча ниҳоясига етган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ўтганини таъкидлади.

— 2014 йил декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловида иштирок этиб, унинг халқаро ҳуқуқий норма ва меъёрлар асосида ўтганига гувоҳ бўлганман, — деди Лондондаги Уолтхэм-Форест тумани муниципалитети депутати Милл Бернадет хоним оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида. — Президент сайловига пухта тайёргарлик кўрилганини сайлов куни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда халқаро кузатувчилар учун ташкил этилган брифингларнинг юқори даражада ўтказилгани мисолида ҳам айтиш мумкин. Шу билан бирга, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ўз ишига масъулият билан ёндашгани, сайловчиларнинг кайфияти кўтаринкилиги, айниқса, биринчи марта овоз бераётган ёшлардаги ўзгача қизиқиш ва ҳаяжон менда илиқ таассурот қолдирди. Эътиборли жиҳати, сайлов очиқ-ошкора, яширин овоз бериш йўли билан ўтди. Ҳар бир сайловчи ўзи муносиб, деб билган номзодни сайлашда фаол қатнашди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn