Учрашувларда Ўзбекистонда сайлов кампанияси ҳақида фикр алмашилди. Меҳмонлар мамлакатда давлат ҳокимиятини янада демократлаштириш, парламентнинг давлат органлари тизимидаги ролини кучайтириш борасидаги ислоҳотлар, Олий Мажлис Сенатининг қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида амалга оширилган ишлар билан таништирилди.
Тадбирларда қайд этилганидек, сайлов мамлакат ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини белгилайдиган муҳим омил ҳисобланади. Мамлакатимиз сайлов тизими хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда халқимиз миллий ўзига хослигини инобатга олган ҳолда, изчил такомиллаштирилмоқда.
— Биз Ўзбекистонга шунчаки кузатувчи сифатида ташриф буюрганимиз йўқ, — деди учрашувда Ильяс Умаханов. — Мамлакатингизнинг жадал ривожланиши минтақа барқарорлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Президент сайлови эса Ўзбекистоннинг келажакдаги тараққиётини белгилаб беришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Сайлов жаҳон стандартларига мувофиқ ҳолда, юксак ташкилий савияда ўтказилди. Бу сиёсий тадбирни ўтказиш орқали Ўзбекистон давлат фаолиятининг самарадорлигини, Конституция ва қонунлар устунлигини, халқнинг бирдамлигини намойиш эта олди.
— Сайлов жараёнини кузатиш доирасида мен сиёсий тадбирда аёлларнинг фаол иштирокига гувоҳ бўлдим, — деди учрашувда Лиза Уильямс. — Хотин-қизлар сайлов комиссиялари таркибида, айниқса, овоз бериш жараёнида фаол қатнашганини кўриш мумкин. Бу Ўзбекистонда хотин-қизлар ролини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигидан далолатдир.
Учрашувларда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.