Олий Мажлис Сенатида учрашув
  • 03 Декабрь 2016

Олий Мажлис Сенатида учрашув

Жорий йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида мамлакатимизга халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган бельгиялик фахрий сенатор Доминик Тилманс билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органларида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари самарали фаолият юритаётгани қайд этилди. 

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда ушбу ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, парламент аъзоларининг ўзаро ташрифлари йўлга қўйилган, ҳамкорликда учрашувлар, анжуманлар ҳамда давра суҳбатлари уюштирилмоқда. Бельгия парламенти аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида қатнашмоқда.

— Ўзбекистон парламенти билан узоқ йиллик ҳамкорлик алоқаларига эгамиз, — дейди Д. Тилманс. — Биз Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларни изчил кузатиб борамиз. Мамлакатингизда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жабҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сайловдан сайловгача бўлган жараёнда фуқаролик жамияти институти ўрни мустаҳкамланаётир, сайлов тизими такомиллаштирилмоқда. Юртингиздаги демократик ўзгаришлар халқингиз миллий ўзлиги, миллий давлатчилик тажрибаси асосида кечаётгани билан ҳам ажралиб туради. Ишончим комилки, сайлов муваффақиятли ўтади.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни парламент юқори палатасида мамлакатимизга халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган Исроилнинг Холон университети президенти, профессор Эдуард Якубов билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар таълим, фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро фикр алмашдилар. Меҳмон Сенат фаолияти, Президент сайловига тайёргарлик жараёни билан танишди.

— Мамлакатингизга сафаримдан олдин Исроил газеталаридан бирида Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланиши биз учун катта аҳамиятга эга эканлиги ҳақида суҳбатим чиқди, — дейди журналистларга берган интервьюсида Э. Якубов. — Унда Ўзбекистоннинг истиқлолнинг илк йилларида дуч келган қийинчиликлари, бу йўлни дадил босиб ўтгани, мустақилликни, ўз аждодлари анъаналарини сақлаб ва эъзозлаб келаётган халқингиз, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз борган. Ўзбекистондаги Президент сайлови Исроил учун катта аҳамиятга эга. Мен 2015 йилги Президент сайловини кузатганман. Ўшанда сайлов юқори ташкилотчилик, халқингизнинг юксак сиёсий фаоллигида ўтган эди.

Олий Мажлис Сенатида бошқа халқаро кузатувчилар билан ҳам учрашувлар давом этмоқда. 

Қобил ХИДИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn