Истиқболли лойиҳаларнинг амалий натижалари
  • 15 Ноябрь 2016

Истиқболли лойиҳаларнинг амалий натижалари

Тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётни диверсификациялаш, саноатнинг янги тармоқларини йўлга қўйиш имконини бермоқда. Пировардида ички бозор импорт ўрнини босувчи юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилиши баробарида, экспортда қўшимча қийматга эга товарлар улуши тобора ортаяпти. Бунда мамлакатимиздаги иқтисодий зоналар муҳим роль ўйнамоқда.

Жумладан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида юқори технологиялар асосида жаҳон стандартларига мос ва дунё бозорида харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратилди. 

Умумий майдони 564 гектарга тенг бўлган ушбу эркин иқтисодий зона халқаро аэропорт, Е-40 автомагистрали ва халқаро аҳамиятдаги темир йўлга яқин жойлашгани боис бу ерда вилоятнинг мультимодаль транспорт-логистика тармоғидан фойдаланиш имкониятлари кенг. Унинг таркибидаги корхоналар ташқи инфратузилма билан тўлиқ таъминланган. Масалан, “Навоий” ЭИЗ яқинида 50 мВтли электр подстанцияси хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 18,7 километрлик табиий газ, 27 километрлик ичимлик суви қувурлари ётқизилган. Бундан ташқари, эркин иқтисодий зонада 23 километрлик ички автомобиль йўли ҳам бор. Айни чоғда шу йўлларга асфальт ётқизиш, пиёдалар йўлаклари барпо этиш ва бошқа қатор юмушлар жадал олиб борилаётир. 

“Кореан Эйр” — дунёдаги энг йирик юк ташувчи компаниялардан бири. “Навоий” ЭИЗ ҳудудида ушбу компаниянинг Халқаро интермодал логистика маркази ташкил этилган бўлиб, бу ерда  дастлабки босқичда кунига 300 тонна, иккинчи босқичда эса 1000 тонна юкни қабул қилиш, вақтинча сақлаш ва жўнатиш имконияти мавжуд.

Бугунги кунда ҳудудда Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Италия, Буюк Британия каби давлатлар иштирокида 20 та корхона самарали ишлаб турибди. Мисол учун, 2013 йилда Хитойнинг “Gulf Cable Trading” компанияси ҳамкорлигида асос солинган “Hayat Power Cable Systems” қўшма корхонасида йилига 4 минг километр юқори кучланишли кабель симлари тайёрланса, “KoUNGCylinder” қўшма корхонасида йилига автомобиллар учун импорт ўрнини босувчи 115 минг дона газ баллонлари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, “UzEraeAlternator”, “UzMinda” ва “UzEraeCable” сингари хорижий инвестициялар киритилган саноат тузилмалари автомобилсозларга аккумулятор симлари, генератор, спидометр, хавфсизлик тизими жиҳозлари сингари 30 дан ортиқ эҳтиёт қисмлар етказиб бермоқда. 

Шу пайтга қадар ҳудудда корхоналар томонидан 100 га яқин саноат товарлари тайёрлаш ўзлаштирилди, уларга ташқи бозорларда ҳам талаб ниҳоятда катта. 2009 — 2015 йиллар давомида 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 7,29 миллион АҚШ долларлиги экспорт қилингани бунинг тасдиғидир. 

Ҳозир умумий қиймати 68 миллион АҚШ долларига тенг бўлган яна 6 та лойиҳа борасида ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан электрон ҳисоблагич ҳамда қуёш панелларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилаяпти. Бундан ташқари, Буюк Британиянинг “Dartlex Impex LLP” компанияси иштирокида 2 та лойиҳа доирасида алюминий ҳамда ПВХ профиллари ишлаб чиқариш режалаштирилган, “Ўзфармсаноат” АК томонидан Ҳиндистоннинг “Bravo Pharma” корхонаси билан дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича музокаралар давом этаяпти.

Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан чет эллик инвесторларга берилаётган имтиёзлар самарасидир. “Навоий” ЭИЗдаги хўжалик юритувчи субъектлар сони тобора кўпайиб, ҳудуднинг экспорт салоҳияти янада юксалиб бораяпти. Биргина 2015 йилда 5,1 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилиниб, кўрсаткич нисбати аввалги йилдагига кўра 3 маротаба ошди. 

Қўлга киритилаётган бундай ижобий натижалар “Навоий” эркин иқтисодий зонаси тараққиёт йўлидан дадил одимлаётганидан дарак беради. Бу эса, ўз навбатида, -мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти ҳамда аҳоли турмуш даражаси янада ошишига хизмат қилаверади. 

Азамат ФАЙЗИЕВ,

«Навоий» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори.

 

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn