Фракция йиғилишида парламент назоратини амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди
  • 11 Ноябрь 2016

Фракция йиғилишида парламент назоратини амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Уни фракция раҳбари Хатамжон Кетмонов олиб борди.

Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ходимлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 28 октябрда тасдиқланган 2017 йилги аҳоли бандлиги дастури ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Маълумки, иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим устуворликларидан бири, халқимиз турмуш даражаси ва сифатини оширишнинг зарур шартидир. Шу муносабат билан ҳар йили аҳоли бандлиги дастурини тасдиқлаш ҳамда унинг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш амалиёти Қонунчилик палатаси фаолиятида кенг қўлланилмоқда. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон Халқ демократик партияси меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлиги даражасини оширишни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаган бўлиб, мамлакатда мақсадли давлат дастурлари асосида иш ўринларини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган изчил чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бинобарин, ушбу тадбирлар ишлаб чиқарилаётган ЯИМ ўсишининг муҳим омили бўлиб, ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришга, уларнинг -экспортда рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади, деб ҳисоблайди. 

Йиғилишда таъкидланганидек, 2017 йилга мўлжалланган дастур параметрлари олдинги йиллардагига нисбатан мақбуллаштирилган бўлиб, бунда ҳудудлар ва корхоналарнинг реал имкониятлари ҳисобга олинган. Жумладан, туман ва шаҳарларда кичик саноат ҳудудларини ташкил этиш, қурилиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига иш ўринларини яратиш йўналишлари кенгайтирилди.

Депутатлар дастур параметрлари ижроси устидан олиб борилаётган назорат тадбирларини масъул қўмита билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ҳолда давом эттириш ва янада кучайтириш ҳамда уларнинг натижаларини жойларда ҳар томонлама муҳокама қилишни ташкил этиш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. 

Қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Халқ -демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Бандлик дастури параметрларининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Сурхондарё вилоятидаги ижроси ўрганилди, уларнинг натижалари Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг Нукус ҳамда Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган кенгайтирилган сайёр мажлисларида кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирининг 2016 йилда иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ахбороти эшитилди. 

Йиғилишда фракция аъзолари тегишли давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда дастур параметрлари бажарилишини мониторинг қилишга доир ишларни янада кучайтириш зарурлиги тўғрисида таклифлар билдирдилар.  

Туман ва шаҳар ҳокимликлари қошида тузилган доимий комиссиялар фаолияти самарадорлиги устидан назоратни кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган манзилли рўйхатлар ва тармоқ жадваллари асосида аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳудудий дастурлари бажарилишини мунтазам муҳокама этиб борилиши муҳим эканлиги, бунда дастур ижроси юзасидан умумий мувофиқлаштириш ишлари ва маълумотларни жамлаш, уни Қонунчилик палатасига тақдим қилиш бўйича масъулият Меҳнат вазирлигига юклатилганлиги қайд этилди. 

Йиғилиш давомида Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари 2017 йилги аҳоли бандлиги дастури ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ўз позициясини ишлаб чиқди ҳамда назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этиш юзасидан вазифаларни белгилаб олди. Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунида кўзда тутилган парламент назорати шаклларидан кенг фойдаланиш, депутатлик корпуси ва ижро ҳокимияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик сифатини янада кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn