Интеллектуал мулк муҳофазаси — долзарб вазифа
  • 19 Апрель 2014

Интеллектуал мулк муҳофазаси — долзарб вазифа

Конститутциямизда белгилаб қўйилганидек, ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади.

Мамлакатимизда маънавий меросимизни асраб-авайлаш, интеллектуал мулк ривожи ва муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда истиқлол йилларида аждодлардан мерос бебаҳо маданий ёдгорликлар қайта тикланиб, халқимизга етказилиши билан бир қаторда замондош ижодкорлар, ихтирочилар эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит яратилди.
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ушбу йўналишда халқаро интеграцияни ҳам изчил йўлга қўйгани муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлаётир. Мамлакатимизнинг 1991 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотига аъзо бўлгани бунинг далилидир. Ўзбекистонда 2005 йил 19 апрелдан Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси қоидалари амал қилаётгани бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.
— Берн конвенцияси фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳамда уларнинг муаллифлари ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган халқаро шартномалардандир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи Зайниддин ўиёсов. — Конвенцияда бадиий, адабий ва публицистик асарлар, санъат намуналари, фотография ва ҳатто интервьюларнинг муҳофаза қилиниши алоҳида қоидалар билан белгилаб қўйилган. Уларни яратиш ва фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган муносабатлар мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжат қоидалари билан тартибга солинади.
Конвенция универсал ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, аъзо давлатларда тўғридан-тўғри ёки унинг қоидаларини соҳага оид миллий қонунчиликда акс эттириш орқали қўлланилади. Конвенциянинг аъзоси бўлган ҳар бир давлат мажбуриятлар, ҳуқуқий имконият ва имтиёзлар бўйича тенг ҳисобланади.
Мамлакатимизда Берн конвенцияси қоидаларига амал қилиш, муаллифлар ва турдош ҳуқуқ эгаларига моддий ва маънавий зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда. Манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Республика ишчи комиссияси фаолият юритмоқда.
Ўзбекистоннинг Берн конвенциясига қўшилиши муаллифлар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳуқуқ эгаларига катта имкониятлар яратди. Айни пайтда муаллифларимиз асарларидан Берн конвенциясига аъзо 170 га яқин давлат ҳудудида фақат рухсат билан фойдаланилмоқда. Бунинг эвазига уларга тегишли миқдорда муаллифлик ҳақи ундириб берилаяпти. Бу юксак савиядаги миллий асарлар яратиш кўлами кенгайиши ва уларнинг дунё бўйлаб тарқалишига, жаҳон маданиятида ўрни ва ҳиссаси янада ортишига йўл очаётир.
2006 йил янги таҳрирда қабул қилинган “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муаллифлик ҳақи ва бошқа ҳақ тўлаш турлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Адабиёт ва санъат асарларидан фойдаланганликнинг айрим турлари учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилингани муаллифларнинг меҳнатини рағбатлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 24 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк  агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Чунки шу асосда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати юритилиши йўлга қўйилди.
Мазкур агентлик ваколатларининг кенгайтирилгани, жумладан, унга ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ҳамда бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, интеллектуал мулк объектлари эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси юклангани соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга замин яратди.
Интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш бўйича ўтган йилда агентликка олти мингдан ортиқ талабнома қабул қилинган. Улар бўйича ўтказилган давлат экспертизаси натижасида тўрт ярим мингдан зиёд интеллектуал мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилган. 
Айни пайтда тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини  жорий қилиш кўлами кенгаймоқда. Чунки бу интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олишни автоматлаштириш ва экспертиза ўтказиш жараёнларини соддалаштиришга ёрдам беради. Бу борада агентлик ҳузурида фаолият юритаётган “Intellekt Еxpert” давлат унитар корхонаси изчил ишларни амалга ошираётир. 2013 йилда агентлик веб-сайти орқали базавий интерфаол хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилгани шуни тасдиқлайди.  
Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш, мамлакатимиз ҳудудига қалбаки товарларнинг ноқонуний олиб кирилиши ва айланишига чек қўйиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Зеро, интеллектуал мулк ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисмидир. Шу боис интеллектуал мулк ҳимоясини ривожлантириш, контрафакцияга қарши курашни кучайтириш долзарб вазифалардандир.
Қонунчиликка мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар асардан фақат ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартномага биноан ёки тегишли рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда фойдаланиши мумкин. Бундай маҳсулот хориждан олиб келинса, буни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар бўлиши лозим.
— Шунга қарамай, жойларда асарларни мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кириш, нусха кўчириб сотиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди, — дейди Интеллектуал мулк агентлиги матбуот котиби Гўзал Вафоева. — Айрим ҳолларда эълон қилинган асарлардан муаллиф рухсатисиз фойдаланиш, ҳатто уларни “қайта ишлаш” ёки материалларнинг муаллифини кўрсатмасдан эълон қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Кимнингдир мусиқасини  “халқ куйи” деб қўшиқ қилиб айтаётган хонандалар учраб турибди.
Булар қонунчиликда ўғирликка тенглаштирилган жиноят ҳисобланади. Негаки, қалбакилаштириладиган маҳсулот ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмайди. Оқибатда белгиланган солиқлар ҳам, муаллифга берилиши лозим бўлган ҳақ ҳам тўланмайди. Бундай ҳолатларда, аввало, муаллифлар поймол қилинаётган ҳуқуқларини тиклаш учун тегишли идораларга мурожаат қилиши лозим. Зеро, қонунчилигимизда муаллифлик ҳуқуқини бузаётганлар учун тегишли жазолар белгиланган.
Қонун талаблари бузилиши ҳолатларига қарши курашиш борасида агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бу борада ўтказилган тадбирлар натижасида 2013 йилда етти юздан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Интернет тармоғида жойлашган 134 сайт орқали муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг аудиовизуал асарларидан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлди. Аниқланган ҳолатлар бўйича ваколатли давлат органларига эксперт хулосалари берилди. Шунга асосан, умумий қиймати икки миллиард сўмликка яқин контрафакт маҳсулотлар йўқ қилинди. Бундай чоралар натижасида миллий қадриятларимизга зид бўлган, ёшларимиз маънавий оламига соя солишга қаратилган аудиовизуал асарлар пештахталардан олиб ташланаётгани эътиборга молик.
Буларнинг ҳаммаси халқимизнинг маънавий ва моддий манфаатларини таъминлаш, интеллектуал мулкни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn