Фракциялар 2017 йилги Бюджетнома ҳамда Бандлик дастури лойиҳаларини муҳокама қилди
  • 27 Октябрь 2016

Фракциялар 2017 йилги Бюджетнома ҳамда Бандлик дастури лойиҳаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда 2017 йил учун Ўзбекистон Республикаси Бюджетномаси, шу жумладан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда 2017 йилга аҳоли бандлиги дастури лойиҳалари муҳокама этилди.

Муҳокамалар жараёнида фракциялар 2017 йилги Бюджетнома лойиҳасини тўлиқ маъқуллаб, ўз нуқтаи назарларини келишиб олдилар.

Депутатлар мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг жорий йил 8 сентябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган устувор йўналишлар, қолаверса, охирги пайтларда қабул қилинган Президент Фармон ва қарорларида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилганлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари  келгуси йилги бюджет лойиҳасида 2017 йил солиқ сиёсатида солиқ юкини янада пасайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигининг яхшиланиши кўзда тутилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар. Келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтирилиши кўзда тутилмоқда.

Энг муҳими, 2017 йилда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида келгуси йилда амал қилиш муддати тугаётган солиқ имтиёзларининг муддатини узайтириш таклиф этилаяпти.

Бу эса тадбиркорлар тасарруфида келгуси йилнинг ўзида қарийб 500 млрд. сўмга яқин маблағларни қолдириш имконини бериб, уларга ўз айланма маблағларини тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашни амалга оширишлари учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.

2017 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини молиялаштириш учун давлат бюджетидан маблағлар ажратиш ҳам назарда тутилганлиги мазкур молиявий ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижросини самарали таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси вакиллари 2017 йилги Бюджетнома лойиҳасида бюджет маблағларини самарали режалаштириш, улардан фойдаланишнинг самарадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган аниқ чоралар мўлжалланаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Хусусан, ўрта махсус таълим муассасаларини молиялаштиришда ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида, маҳаллий ҳокимият органларининг касб-ҳунар коллежларини молиялаштириш ваколатларини республика бюджети тасарруфига ўтказиш кўзда тутилмоқда. Бу эса касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларда таълим сифатини ошириш имконини беради.

Шунингдек, ижтимоий нафақаларни, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва бошқа бир қатор харажатларнинг туман (шаҳар) даражасидан вилоят даражасига ўтказилаётганлиги бюджет маблағларини туманлар ўртасида тенг ва мақсадли тақсимлаш, бюджет маблағлари сарфланишида изчилликни ошириш ва пировард натижада маҳаллий бюджетларнинг субвенция улушини сезиларли камайтиришга хизмат қилишига эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари 2017 йилги Давлат бюджети лойиҳаси ижтимоий йўналтирилганлигини қайд этиб, соҳага ажратилаётган маблағлар кўлами янада оширилганлигини таъкидлашди.

Фракция вакиллари келгуси йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи тўловлари, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини инфляция даражасидан юқори миқдорларда оширилишининг изчил давом эттирилиши, шу орқали аҳоли турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилишини билдирдилар.

Ўз навбатида, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқув юкламаларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифларга алоҳида эътибор қаратдилар. Ўқув юкламасининг ошиши уларнинг педагогик иш юкламаси камайиши ҳисобига амалга оширилиб, таълим муассасасида ўқитиш жараёни самарасини янада юксалтириш билан бирга, ўқитувчиларнинг иш вақтидан оқилона фойдаланишига имкон яратади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси депутатлари келгуси йил Давлат бюджети мамлакатимизнинг илмий-техник салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилганлигини алоҳида қайд этдилар. Соҳа ривожи учун 2017 йилда йўналтириладиган маблағлар жорий йилдагига нисбатан 13 фоиз оширилганлиги давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш учун муҳим молиявий асос бўлади.

Шунингдек, фракция аъзолари мактабгача таълим муассасаларида маҳсулотлар нархларининг пасайиши натижасида электрон савдолардан иқтисод қилинган ота-оналар бадалларидан тушумларнинг бир қисмини ушбу муассасалар моддий-техника базасини ривожлантиришга йўналтирилиши улардаги таълим-тарбия жараёнлари сифатини янада яхшилашга қаратилганлигини таъкидладилар.

Фракциялар йиғилишларида депутатлар ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши, бунда солиқ ва назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича парламент назоратини янада кучайтириш лозимлигини ҳам билдирдилар.

Фракциялар йиғилишларида, шунингдек, Ҳукумат томонидан киритилган 2017 йилга аҳоли бандлиги дастури лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди. Ушбу дастур лойиҳаси янгича ёндашув билан ишлаб чиқилганлиги эътироф этилиб, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни, жойлардаги ҳамда соҳалардаги мавжуд имкониятларни чуқур таҳлил этиш орқали, шунингдек, ўтказилган мониторинг натижалари, депутатларнинг назорат ишлари якунлари асосида шакллантирилганини ҳисобга олган ҳолда барча фракциялар томонидан маъқулланди.

2017 йилги дастур ҳар йилдагидан фарқ қилиши унинг концепциясида ҳам алоҳида кўрсатилган. Жумладан, жорий йил давомида меҳнат бозорида талаб ва таклифни баҳолаш бўйича чуқурлаштирилган ўрганиш ўтказилган. Туман ҳамда шаҳарлар учун келгуси йилда иш ўринлари яратишга ва ишга жойлашишга бўлган эҳтиёж ҳамда ушбу талабнинг таркиби аниқланган.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, дастурда рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган барча чоралар “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги давлат сиёсатининг принципларига тўлиқ мос келади. Дастурни ишлаб чиқишда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялар талаблари ҳам ҳисобга олинган.

Шу билан бирга, 2017 йилга мўлжалланган аҳоли бандлиги дастури аввалги йиллар тажрибасига таянган ҳолда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бошқа дастурлари билан чамбарчас боғлиқликда ишлаб чиқилганлиги ҳамда унда ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш омиллари ҳам ҳисобга олинганлиги алоҳида қайд этилди.

Йиғилишларда депутатлар 2017 йил давомида дастур параметрларида белгиланган иш ўринларини ташкил этиш механизмлари, дастур мониторингини самарали юритиш юзасидан, шунингдек, масъул қўмитага бу борадаги назорат-таҳлил ишларини янада фаоллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирдилар.

Тадбирларда келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда 2017 йилга аҳоли бандлиги дастури лойиҳалари юзасидан фракцияларнинг тегишли қарорлари қабул қилинди. Мазкур масалалар Қонунчилик палатаси қўмиталарида ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn