Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари мустаҳкамланмоқда
  • 26 Октябрь 2016

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ бошқа соҳалар қаторида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Бу эса жамиятда суд ҳокимиятининг обрўси ошиб боришида ҳамда қонунийликни таъминлашда унинг роли янада мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон умумэътироф этилган демократик принципларга оғишмай амал қилган ҳолда, ривожланган фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида дадил қадам ташлаб борар экан, суд-ҳуқуқ соҳасини ҳам замон талабларига, энг асосийси, инсон манфаатларига мос равишда такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилаётгани айни муддаодир.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 21 октябрда имзоланган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юртимизда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида муҳим тарихий воқеа бўлди, десак, муболаға эмас.

Мазкур Фармоннинг ўзига хос аҳамияти шундаки, унда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини юксалтириш бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Мазкур вазифаларнинг рўёбга чиқарилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини ошириш, уларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мус-таҳкамлашга хизмат қилади, юртимизда қонунийликка риоя этилиши янада юксак даражага кўтарилишида алоҳида ўрин тутади.

Фармондаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга эришиш йўлида фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича назорат тартибида иш юритиш институтини ислоҳ қилишга қаратилган вазифаларни алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим.

Хусусан, фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатини 3 йилдан 1 йилга қисқартириш, вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтини тугатиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатларини бекор қилиш назарда тутилган. Қонунчиликда бундай тартиб белгиланиши суд қарорларининг барқарорлигини ва ишларнинг тез муддатларда ҳамда якуний ечимини топишга, шу билан бирга, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар апелляция ва кассация инстанцияларининг иш фаолияти янада яхшиланишига, ушбу инстанция судларининг ишларни қонуний, адолатли ва асосли ҳал қилиш борасидаги масъулияти янада оширилишига хизмат қилади.

Энг аввало, эътироф этиш лозимки, ривожланган кўплаб давлатларда ишларни назорат тартибида кўриш муддатлари анча қисқа муддат билан чегараланган бўлиб, мазкур ҳужжатда назарда тутилаётган ушбу янгиликлар халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келади.

Бундан ташқари, Фармонда назорат инстанцияси институтини ислоҳ қилиш мақсадида Олий суд Пленумининг муайян ишларни назорат тартибида кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатларини бекор қилиш ҳам белгиланган. Фикримизча, ушбу норма суд қарорлари барқарорлигини таъминлашга, қолаверса, Олий судда мавжуд бўлган назорат инстанцияларининг самарали ишлашига туртки беради.

Мазкур Фармон судьяларнинг мустақил, фақатгина қонунларга бўйсунган ҳолда ўз фаолиятларини амалга оширишларини таъминлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш ҳамда суд қарорлари барқарорлигини кафолатлашга эришиш йўлидаги ислоҳотлар самарасини янада юқорироқ даражага кўтариш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Ўткир ХОЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn