Ўзбекистон — БМТ: эзгу мақсадлар йўлида изчил ҳамкорлик
  • 25 Октябрь 2016

Ўзбекистон — БМТ: эзгу мақсадлар йўлида изчил ҳамкорлик

Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топган кун муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари, жамоат тузилмалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Ўзбекистонда истиқлол йилларида тинчлик, осойишталик, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратиб келинаётгани таъкидланди. Мазкур эзгу мақсад йўлида қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, айниқса, БМТ билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча давлатларнинг, минтақаларнинг, бутун жаҳон ҳамжамиятининг энг муҳим муаммоларини муҳокама қилиш ва ечиш учун тузилган ноёб ташкилот, халқларнинг тинч-тотув яшашга бўлган эзгу иродасининг буюк рамзи, инсоният маънавий тараққиётининг ёрқин нишонасидир. Мамлакатимиз БМТга 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлган. Ўша кундан буён давлатимиз байроғи ушбу ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи -олдида ҳилпираб турибди.

Айни пайтда юртимизда БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Аҳолишунослик жамғармаси, Тараққиёт дастури, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси (ЮНОДК), ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури (ЮНЭЙДС) ва бошқа тузилмалари ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар билан биргаликда қатор халқаро анжуманлар, тадбирлар ўтказилиб, турли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир.

БМТ аъзолари Ўзбекистон томонидан жаҳон миқёсида долзарб саналган кўплаб масалаларга оқилона ечим бўла оладиган ташаббуслар илгари сурилганини яхши билишади. Хусусан, Биринчи Президентимизнинг ушбу тузилма йирик мажлисларида билдирган қатор таклифлари, эзгу ғоялари доимо алоҳида ҳурмат билан тилга олинади, эътироф этилади. Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган “6+2” мулоқот гуруҳини ташкил этиш, Орол муаммоси оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш, халқаро терроризм, экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғларнинг ноқонуний савдоси, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир. Ўз навбатида, Марказий Осиё минтақасининг глобал масалалари бўйича фикр алмашиш мақсадида республикамизга БМТнинг нуфузли вакиллари бир неча марта ташриф буюрди.

Тадбирда шулар ҳақида алоҳида сўз юритилиб, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. 

— Аввало, шуни айтишни истардимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистонни давлат ва жамиятнинг турли жабҳалари барқарор тараққий топаётган, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайдиган яқин ҳамкори, деб билади, — деди БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер. — Юртингизда Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида қатор ютуқлар қўлга киритилгани таҳсинга лойиқ. 2010 — 2015 йилларнинг ўзида БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда 162 миллион АҚШ долларидан зиёд лойиҳалар амалга оширилгани бунга яққол мисолдир. Айни пайтга келиб эса  2016 — 2020 йилларни ўз ичига олган навбатдаги босқич дастурлари доирасида иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси ва самарали бошқарув соҳаларида икки йиллик режаларни рўёбга чиқаришга киришилди. Бу эса республикангизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида ўзаро алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Маълумот ўрнида келтириб ўтиш лозимки, бугунги кундаги глобал муаммолар ва таҳдидларга қарши БМТ ҳамда унга аъзо давлатлар томонидан 2030 йилга қадар мўлжалланган навбатдаги барқарор ривожланиш дастури амалиётга жорий этилди. Унда адолат ҳукм сурадиган, инсон ҳуқуқлари ва тенглик таъминланган дунёни барпо этиш кўзда тутилган бўлиб, уч тамойил — иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт ва атроф-муҳит муҳофазасини чамбарчас боғловчи, барчанинг, хусусан, аёллар, болалар ва ёшларнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган 17 та Барқарор ривожланиш мақсади (БРМ) ва 169 вазифа белгилаб олинди. 

Матбуот анжумани доирасида БМТ ташкил этилган сана муносабати билан режалаштирилган маданий дастурлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

 

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn