Тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланди
  • 19 Октябрь 2016

Тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан тадбиркорлик фаолияти ҳуқуқий кафолатларини янада такомиллаштиришнинг ҳозирги босқичига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида урғу берилган мазкур тадбирда соҳага алоқадор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида мамлакатимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашда хусусий сектор ривожи муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, изчил амалиётга йўналтирилаётган тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мулкдорлар манфаатларини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг салоҳиятини оширишга замин яратмоқда.

Мазкур Фармон хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ишларини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Унга кўра, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ҳамда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслиги устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси саналади.

Депутатлар Фармон асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларга қарши ишончли ҳуқуқий кафолатни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг принципиал жиҳатдан қатор янги механизмлари жорий этилганини алоҳида айтиб ўтишди. Жумладан, 2017 йилнинг 1 январидан эътиборан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текшириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча тури бекор қилиниб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун мансабдор шахслар жавобгарлиги кучайтирилиши айни муддаодир.

Давра суҳбатида прокуратура, адлия, суд ва солиқ органлари ходимлари Фармон ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида тўхталиб, янги нормалар тадбиркорлик субъектларини икки марта жазолашни истисно этибгина қолмай, балки биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беришини, бу чора уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга ҳам йўналтирилганини қайд этдилар.

Шу билан бирга, хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарига беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш ҳуқуқи берилгани республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Анжуман қатнашчилари Фармонга биноан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида қатор ҳужжатлар, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида” ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишида депутатлик корпуси иштироки хусусида ҳам атрофлича сўз юритишди.

Тадбир якунида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлида узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини аҳолига, айниқса, бизнес вакилларига чуқур тушунтириш, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш юзасидан тавсиялар қабул қилинди.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn