Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари муҳокама қилинмоқда
  • 19 Октябрь 2016

Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари муҳокама қилинмоқда

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Ўзбекис-тон Республикасининг қонуни лойиҳаларини Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.

Кенгаш қарорига мувофиқ, ҳар иккала қонун лойиҳасига Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси масъул этиб белгиланди ҳамда ишчи гуруҳи шакллантирилди.

Айни пайтда мазкур қонун лойиҳалари сиёсий партиялар фракциялари, Ўзбекистон экологик ҳаракати йиғилишларида депутатлар томонидан муҳокама қилинмоқда. Уларда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг муҳимлиги ва ўз вақтида ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилмоқда.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини юксалтиришга, шунингдек, коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасидан тўлиқ бартараф қилишга қаратилган.

Депутатлар томонидан муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратиши, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга, қолаверса, ишчанлик фаоллиги ўсишига ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига хизмат қилиши қайд этилди.

— Фракциямиз йиғилишида ушбу қонун лойиҳаси айни вақтда ўта долзарб ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Даврон Арипов. — Дарҳақиқат, қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштирокининг назарда тутилаётгани юртимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлади.

Шунингдек, фракциялар вакиллари “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар.

Депутатлар қайд этганидек, қонун лойиҳаси маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақоми, уларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда озод қилиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, интизомий жазо чоралари ҳамда маъмурий қамоқни амалга оширишга тааллуқли бошқа қоидаларни назарда тутади.

— Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлашга, маъмурий қамоқ жазосини ўташнинг ягона амалиётини таъминлашга, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда ушбу тизим ходимларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Бунёджон Эшонқулов.

Муҳокамалар якунида сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг қонун лойиҳалари юзасидан нуқтаи назарлари шакллантирилиб, Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш юзасидан таклифлари қабул қилинди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn