O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши
  • 12 Октябрь 2016

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия ҳаётига дахлдор бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, партиянинг босма органи бўлмиш “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси фаолиятини янада жонлантириш, унинг саҳифаларида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга бағишланган мавзуларни кенгроқ ёритиш борасидаги ишларни такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилиш иштирокчилари кейинги вақтда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик олдида турган тўсиқларни бартараф этиш борасида сезиларли ижобий ўзгаришларга сабаб бўлаётган муҳим қарорлар қабул қилинаётганлигига алоҳида аҳамият қаратишди.

Шу йил октябрь ойида имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон бу борада салмоқли қадам бўлганига урғу берилди. Бундай шароитда партиянинг босма органи ўз фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, қайта кўриб чиқиши лозимлиги таъкидланди.

Партия газетасида мавжуд рукнларни қайта кўриб чиқиш, замон талабига мос келмайдиган мавзуларни ёритишдан воз кечиш, тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб йўналишларга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишчи гуруҳининг ҳисоботи тингланди. Маълумки, партиянинг шу йил 16 сентябрда бўлиб ўтган йиғилишида O‘zLiDePнинг навбатдаги съезди кун тартибида партия Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини  кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилинган эди.

Бу борада партия ҳудудий кенгашларида бўлиб ўтган конференцияларда партия фаоллари томонидан бир қатор фикрлар билдирилгани, ишчи гуруҳига кўплаб таклифлар келиб тушаётгани қайд этилди.

Ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларида ўртага ташланган барча таклифларни чуқур таҳлил этиш ва умумлаштириш учун қўшимча вақт талаб этилиши айтиб ўтилди.

Ижроия қўмита аъзолари томонидан партия Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи O‘zLiDePнинг нав-батдаги съезди кун тартибига киритилганлиги, лекин масала юзасидан партия фаолларидан, ҳудудий кенгашлардан келиб тушаётган таклифларни атрофлича ўрганиб чиқиш қўшимча вақт талаб этаётганлигидан келиб чиқиб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездини ўтказиш муддатини 14 октябрдан 19 октябрга кўчириш тўғрисида таклиф билдирилди.

Йиғилишда партиянинг навбатдаги съездида O‘zLiDePнинг яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштироки билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилиниши белгилаб қўйилганлиги, аммо шунга қарамасдан уни ўтказиш санасининг ўзгариши бу жараёнга мутлақо таъсир қилмаслиги ва Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан белгиланган муддатларда амалга оширилаётганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn