Тадбиркорлик ҳимояси кафолатлари кучайтирилди
  • 08 Октябрь 2016

Тадбиркорлик ҳимояси кафолатлари кучайтирилди

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантириш учун кенг имконият ҳамда қулай шарт-шароитлар яратилди. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ортиб бормоқда. Бугун ушбу соҳада иш билан банд аҳолининг 78 фоизи самарали меҳнат қилаётгани, улар, ўз навбатида, юртимизнинг гуллаб-яшнаши, тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшаётгани диққатга сазовордир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги кенг кўламли ишларни янги даражага кўтариши, шубҳасиз.

Бинобарин, мазкур Фармон бизнес юритиш тартиби, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи тузилмалар билан ўзаро муносабатлардан тортиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш, жавобгарлигини эркинлаштириш каби тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатини қамраб олгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Фармонда 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ҳамда жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турларининг бекор қилиниши назарда тутилган бўлиб, бу тадбиркорлик субъектлари фаолияти эркинлигини таъминлаш ва унга аралашишнинг олдини олишга қаратилган тарихий қадамдир. Айни пайтда давлат органига тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун айбдор ходимларга нисбатан интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликнинг энг қатъий чораларини қўллаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита ушбу ходимлардан ундирилишини таъминлаш мажбурияти юклангани алоҳида эътиборга моликдир.

Фармонда биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга, тадбиркорларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини берадиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштиришга қаратилган қатор чоралар назарда тутилган бўлиб, мазкур чоралар ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришда долзарб аҳамият касб этади.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат билан жорий этилаётган муҳим янгиликлардан яна бири, бу — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш ташаббуси ҳисобланади. Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда вакил институти муҳим ўрин тутади. Мазкур институтнинг ташкил этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан парламент назорати шаклларини кучайтиришда муҳим омил бўлиши, шубҳасиздир.

Фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастурининг тасдиқлангани ушбу ҳужжатнинг нечоғли ҳаётий ва амалий хусусият касб этганлигидан далолат беради.

Жумладан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф қилиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш доирасида умум-эътироф этилган халқаро стандартлар асосида ва қонунчиликни янада либераллаштириш мақсадида бир қатор қонунларни, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги бир қатор янги қонунларни қабул қилиш, амалдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги ва бир қанча бошқа қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Умуман олганда, мазкур Фармон сўнгги йилларда ушбу соҳада қабул қилинган, ўз кўлами ва мазмунига кўра, энг муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Унинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда иқтисодиётимизнинг янада жадаллик билан ривожланишига асос бўлади.

Шу билан бирга, ҳозирги пайтда депутатлар, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари ва бошқа мутасадди идоралар томонидан мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирларни, энг аввало, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича тизимли, комплекс ва юқори малакали ишларнинг рўёбга чиқарилиши муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур Фармоннинг амалга оширилиши давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи тузилмалар фаолиятини, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларини янги талаблар асосида тубдан қайта кўриб чиқишни, бу борада замонавий механизмларни жорий этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Буларнинг барчаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, пировардида ҳар бир фуқаронинг, бутун жамият манфаатлари ҳамда фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Раҳимжон ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn