Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси депутатлар эътиборида  
  • 06 Октябрь 2016

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси депутатлар эътиборида  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент вилояти ички ишлар идораларидаги ижросини ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. 

Бинобарин, мазкур ҳуқуқий ҳужжатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тушунчасига ойдинлик киритилиб, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш кабилар асосий вазифалар сифатида белгилаб берилди. 

Йиғилишда Тошкент вилояти ички ишлар идоралари тизимида ушбу Қонун ижроси изчил бажарилаётгани қайд этилди. Чунончи, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишлари кучайтирилган. Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, чегара ҳудудларда яшаётган аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳушёрлигини ошириш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор учрашувлар ўтказилмоқда. Ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ҳамда шарт-шароитларини бартараф этиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарийб олти ярим мингга яқин тақдимнома киритилган.

Амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида вилоятда барча йўналиш бўйича жиноятлар камайишига эришилгани айтиб ўтилди. Айни чоғда бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш лозимлиги таъкидланди.  

Тадбирда депутатлар, олим ва мутахассислар томонидан соҳага оид қонунни амалиётда қўллаш самарадорлигини ошириш бўйича қатор таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди. Якунда қўмитанинг тегишли қарори ва тавсиялари ишлаб чиқилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn