Энг муносиб номзодлар тавсия қилинди
  • 23 Сентябрь 2016

Энг муносиб номзодлар тавсия қилинди

Аввал хабар қилинганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибига номзодларни муҳокама этиш ва тавсия қилиш бўйича мажлислари бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
— Сайловнинг қонун талабларига тўла мувофиқ равишда, очиқлик ва ошкоралик асосида ўтказилишида округ сайлов комиссияларининг ўрни бениҳоя катта, — дейди Жўқорғи Кенгес депутати Раъно Қаландарова. — Бу жараёнда, айниқса, сайлов комиссиялари аъзоларининг мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва уни қўллаш амалиётидан хабардорлик даражаси ғоят муҳимдир. Шундан келиб чиқиб, округ сайлов комиссияси таркибини шакллантиришда энг муносиб номзодларни танлаб олишга алоҳида эътибор қаратдик. Ишончимиз комилки, улар шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сиёсий тадбирни юксак савияда ташкил этиш учун бутун саъй-ҳаракатларини йўналтиради.
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши сессиясида сайловни қонун ҳужжатлари қоида ва талабларига оғишмасдан ўтказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
— Шундан келиб чиққан ҳолда депутатларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Бухоро округ сайлов комиссияси таркибига муносиб номзодларни тавсия қилди, —  дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шуҳрат Исматов. —  Улар юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини теран ҳис этадиган, ташкилотчилик  салоҳиятига эга фуқаролардир. Вилоят Кенгаши қарори билан округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун юборилди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясида округ сайлов комиссияси таркибига турли соҳа вакилларини, жумладан, хотин-қизларни кенг жалб қилиш масаласига алоҳида урғу берилди.
— Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ҳамда жамият ҳаётидаги ўрни ва роли тобора ортмоқда, — дейди вилоят Кенгаши депутати, сенатор Зайнаб Бердиева. — Бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, фуқаролик жамияти институтларида фаолият юритаётган аёлларимиз сафи кенгайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Хусусан, округ сайлов комиссиялари таркибига номзодларни ўрганиш ва тавсия қилишда аёллар ўз ташаббус ва позицияларини фаол намоён этгани, ана шу номзодлар таркибида опа-сингилларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этиши эътиборга моликдир.
Халқ депутатлари Фарғона  вилояти Кенгаши сессиясида сайловнинг очиқлик ва ошкоралик принципларига мувофиқ ўтиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлашнинг асосий шартларидан бири экани таъкидланди.
— Демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамиятини тенг, яширин ва тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан ташкил қилинадиган  адолатли сайловларсиз тасаввур этиш мумкин эмас, — дейди вилоят Кенгаши депутати Баҳодиржон  Маҳмудов. — Ушбу муҳим сиёсий тадбирни уюшқоқлик билан ўтказишда нодавлат нотижорат  ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Шу боис депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Фарғона округ сайлов комиссияси учун катта ҳаётий тажриба тўплаган  ва инсоний фазилатлари билан бошқаларга намуна бўла оладиган жамоатчилик вакиллари номзодини тавсия этди ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тасдиғига киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессиясида ҳам округ сайлов комиссияси таркибига номзодлар атрофлича кўриб чиқилди.
— Сайлаш ва сайланиш демократик ҳуқуқий давлатда фуқароларнинг асосий ҳуқуқи саналади, — дейди шаҳар Кенгаши депутати, сенатор Агрепина Шин. — Ҳар бир фуқаро ушбу ҳуқуқини эмин-эркин рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароит яратиш сайлов ташкилотчиларининг асосий вазифаси ҳисобланади. Шу сабабли депутатларимиз номзодлар муҳокамасига жиддий ёндашиб, сайлов комиссияси таркибига илгариги сайловларда тажриба тўплаган, кўпмиллатли халқимиз орасида обрў-эътиборга эга бўлган юртдошларимизни тавсия қилишди.
Шунингдек, халқ депутатлари Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари кенгашлари сессияларида ҳам округ сайлов комиссиялари таркибига муносиб номзодлар тавсия қилиниб, Марказий сайлов комиссияси тасдиғига киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.


«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn