Ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
  • 23 Сентябрь 2016

Ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминни қабул қилди.

Учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жорий йил 12 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини, биринчи навбатда, мамлакатларимизда янги бозорлар ташкил этиш ҳисобидан ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат экспертлари томонидан тайёрланган, рақобатдош саноат маҳсулотлари сотадиган қўшма савдо уйларини ташкил этиш, савдо лойиҳаларини миллий банк-молия институтлари орқали қўллаб-қувватлаш, божхона хизматлари ҳамкорлигини фаоллаштириш, бизнес форумлар ўтказиш ва ўзаро ташрифларни амалга оширишга қаратилган қатор таклиф ва аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Транспорт ва транзит ташиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, жумладан, экспорт юкларини ташишда икки томонлама тариф преференциялари бериш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Бу минтақавий транспорт йўлакларининг рақобатдошлигини ошириш ва уларнинг юқори самарадорлигини таъминлаш -имконини беради.
Асқар Мамин самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Қозоғистон Республикаси мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.


ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn