Депутатлар фаоллиги
  • 15 Апрель 2014

Депутатлар фаоллиги

амалий ишларда намоён бўлмоқда

Мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга зарур шарт-шароит, ҳуқуқий асослар яратилган. Ёш авлодга ғамхўрлик кўрсатиш юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан айтганда, айни чоғда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари ёшларнинг ҳаётда, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашишда камарбаста бўлмоқда. Бинобарин, доимий комиссиямиз зиммасига умумдавлат манфаатлари ҳудудий манфаатлар билан уйғун ва мутаносиб бўлишини таъминлашдек масъулиятли вазифа юклатилган ва бу маҳаллий Кенгаш депутатидан изланувчанлик, ташаббускорликни талаб қилади.
Чунончи, Президентимиз 2013 йил 19 декабрда бўлиб ўтган халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудда 2013 йилда касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизларни ишга жойлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борада йўл қўйилган айрим камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш лозимлигини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, комиссиямиз аъзолари касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга масъул саналган корхона ва коллеж мутасаддилари масъулиятини оширишга асосий эътиборни қаратиб, ушбу масалани назорат-таҳлил қилиб бормоқда.
Сир  эмаски, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш аҳоли учун янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омилларидан саналади. Бугунги кунда оилавий тадбиркорликни тараққий эттириш орқали хотин-қизлар, ёшларнинг бандлиги таъминланаётгани, пировардида одамларнинг яшаш тарзи янада яхшиланиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Ҳудудимизда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросига жиддий аҳамият қаратилмоқда. Мазкур масала халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси билан ҳамкорликда ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шунингдек, комиссиямиз Шўрчи туманида ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишларни масъул ташкилотлар, айниқса, маҳаллалар билан ҳамкорликда бажаришни йўлга қўйди. Бу амалиётда ўзининг самарасини кўрсатмоқда.
Шу ўринда комиссиямиз аъзоларининг депутатлик сўровлари бўйича олиб бораётган ишлари хусусида тўхталадиган бўлсак, қайд этиш жоизки, ҳудудларда бўш турган бинолардан касаначилик иш ўринларини ташкил этиш, Денов туманида аҳолига етказиб берилаётган табиий газнинг етарлича босимини таъминлаш, Жарқўрғон туманидаги 8-мактаб спорт залини таъмирлашда амалий ёрдам кўрсатиш масаласидаги сўровлар ижобий натижаларни берди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг “2009 — 2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган вазифалар асосида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан ҳам изчил тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда вилоятда 61 шифохона, 304 та амбулатория поликлиника муассасаси, 15 та давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (ДСЭНМ) ва бошқа тиббий муассасалар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Мавжуд шифохоналарда 7425 ўрин мавжуд бўлиб, 2013 йил давомида 200 минг нафардан зиёд бемор ўз соғлиғини мустаҳкамлади. Шундан салкам 150 минг нафари қишлоқ аҳолиси. Бугунги кунда вилоятда замонавий ташхис асбоб-ускуналари билан жиҳозланган 243 қишлоқ ва битта шаҳар врачлик пункти фаолият кўрсатмоқда. Вилоятда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун қишлоқ врачлик пунктларини зарур дори-дармонлар ва лаборатория реактивлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2012 йилда шу мақсадлар учун 706,4 миллион сўм ажратилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 812,4 миллион сўмни ташкил этганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Хулоса ўрнида айтганда, доимий комиссиямиз аъзолари воҳа ёшларининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари, чуқур билим олишлари, қишлоқ аҳолиси, айниқса, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, бу борадаги қонунчиликни кенг тарғиб қилиш, ижросини таҳлил этиш ҳамда ўрганиш юзасидан изчил фаолият юритаётир. Бу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга йўналтирилган бўлиб, эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.  

М. ҲАЙДАРОВ,
халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг
Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn