Демократик ўзгаришларнинг муҳим омили
  • 05 Август 2016

Демократик ўзгаришларнинг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда барча соҳада олиб борилаётган ишлар ва саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилиб, бу борадаги қонунчилик ҳамда уни такомиллаштириш бўйича фикр алмашилмоқда.

Чунончи, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан депутатлар бирлашмалари билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида Олий Мажлис томонидан қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мустақиллигимизни мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамиятига оид масалалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, тараққиёт йилларида барча жабҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларда ўтган даврда яратилган мустаҳкам қонунчилик базаси муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, 16 та кодекс, 800 дан ортиқ қонунлар қабул қилингани мазкур фикрнинг яққол тасдиғидир. Албатта, бунда парламентнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида назарда тутилган қонун лойиҳалари парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида асосий ўринни эгаллади. Мазкур Концепция асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунлар давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви тизимини янада демократлаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятлари ўртасида ваколатлар янада мутаносиб тақсимланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Айни чоғда социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатимизни янгилаш ҳамда модернизация қилишда парламентнинг, сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш борасида самарали ҳуқуқий асос яратди.

Янги таркибда сайланган Қонунчилик палатаси ва Сенат фаолиятида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузаси дастуриламал бўлмоқда. Унда парламент фаолиятини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнининг самарадорлигини ошириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар Олий Мажлиснинг яқин истиқбол ҳамда узоқ келажакдаги режаларида ўз ифодасини топди.

Иштирокчилар ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида қабул қилинаётган қонунлар таъсирини оширишда тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат мутахассислар, Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузуридаги эксперт гуруҳлари аъзолари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Жумладан, “ҳуқуқий бўшлиқлар” ва “турлича талқин қилиниши мумкин бўлган” нормаларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида 300 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилиб, амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар тайёрланди ва улар амалга оширилди.

Парламентнинг қонун лойиҳалари муҳокамаси ҳамда улар юзасидан эксперт хулосаларини тайёрлашга оид тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва -фуқаролик жамиятлари институтларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида айтиб ўтилди.

Конструктив руҳда кечган тадбирда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашдаги роли ва аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

* * *

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан депутатлар, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари, олимлар ва экспертлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида истиқлол йилларида қишлоқ хўжалигида эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги долзарб вазифалар хусусида сўз юритилди.

Юртимизда мустақиллик даврида қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати учун кенг имконият яратилгани, айни пайтда фермер хўжаликлари қишлоқ тараққиётини ўз зиммасига олишга қодир ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланиб бораётгани таъкидланди. Бу, албатта, шу йўналишдаги изчил саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.

Аҳолининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало, дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи юртимизда ишлаб чиқарилмоқда. Натижада ўтган даврда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ҳамда сут маҳсулотлари — 1,5, картошка — 1,9, сабзавот — 2,6 баробардан ортиқ, мева 6,3 марта кўпайди.

Шубҳасиз, бу кўрсаткичлар Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги борасида жаҳон ҳамжамиятида хавфсизлик таъминланган мустақил давлат даражасига эришганини намоён қилади. 2015 йилда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотга сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилгани бунинг яққол мисолидир.

Иштирокчилар соҳада қўлга киритилган ютуқлар аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш билан бирга, мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини юксалтиришга имконият яратиб бераётганини алоҳида таъкидлашди.

Шунингдек, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун йигирмадан ортиқ қонунлар ҳамда юздан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, амалиётга тизимли равишда татбиқ этиб келинаётгани айтиб ўтилди.

Давра суҳбатида бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, соҳани янада ривожлантиришга оид фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилди.

Якунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини янада тараққий топтириш, мазкур йўналишда тайёрланаётган қонун лойиҳалари сифатини яхшилаш, шунингдек, қабул қилинган қонунларни ҳаётга татбиқ этиш механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn