Давлат дастури ижроси — депутатлар эътиборида
  • 02 Август 2016

Давлат дастури ижроси — депутатлар эътиборида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Икрамовнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ахборотига оид парламент эшитуви ўтказилди.

Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2016 йилга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар, қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил ишлари режаси ва “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган ваколатлар доирасида ташкил этилди.

Таъкидланганидек, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ўтган йиллар давомида -халқимиз саломатлигини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлиги ва умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ҳамда унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. У изчил амалга оширилаётгани туфайли дунё тажрибасида илк бор ҳомиладор аёлларни таркибида инсон ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган микроэлементларга бой поливитаминлар билан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилди.

Мазкур жараён йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Натижада камвазнли болалар туғилиши, ирсий касалликлар ҳамда туғма нуқсонларнинг олди олинаяпти. Болаларнинг ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония, бронхит, сколиоз билан касалланиш ҳолатлари камаймоқда. Юртимиздаги 92 фоиз ўғил-қизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

“Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинган жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётгани мажлисда айтиб ўтилди. Хусусан, перинатал ҳамда скрининг марказларининг моддий-техника базаси, кадрлар салоҳиятини янада ошириш, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини яхшилаш, патронаж тиббиёт ҳамширалари сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Парламент эшитувида депутатлар “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг айни шу жиҳатлари бажарилиши юзасидан олиб борилаётган амалий ишлар, соҳада мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларни кенг муҳокама қилди.

Кун тартибидаги масалани батафсил муҳокама этиш жараёнида сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқди.

Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ушбу йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни эътироф этган ҳолда, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришда, айниқса, олис қишлоқлар аҳолиси учун юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатилишини йўлга қўйишда соҳага хусусий секторни фаол жалб қилиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, тиббиёт муассасалари барпо этиш, реконструкциялаш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан самарали мониторинг ишларини олиб бориш ва назоратни кучайтириш каби масалаларнинг ҳал этилишига эътибор қаратди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан тиббиёт муассасаларини салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш, хусусан, тиббиёт бирлашмаларини тор доирадаги мутахассислар, бирламчи тиббий муассаса ҳисобланган олис ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларини умумий амалиёт шифокорлари каби малакали кадрлар билан етарли даражада таъминлаш, шунингдек, умумтаълим ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини, шу жумладан, нодавлат таълим муассасаларини белгиланган тартибда тиббиёт ходимлари билан таъминлаш масаласига эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида аҳоли кенг қатламига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда ўз иштирокини янада кучайтириш, шу билан бирга, барча жабҳа каби соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши ҳамда амалга оширилиши тарафдори эканлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари Давлат дастурининг “Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш”га оид бўлимида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишига эътиборни янада кучайтириш зарурлигини қайд этди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишида Ҳукумат томонидан даволаш-профилактика муассасалари ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг дори-дармон ва даволаш воситалари билан таъминланиши, қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилма тармоқларини барпо қилиш, аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш даражасини юксалтиришга доир ишларни изчил давом эттириш, бу борада қўшимча чора-тадбирлар кўрилиши лозимлигига эътибор қаратишди.

Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар томонидан гени модификациялашган маҳсулотларнинг мамлакатимизга четдан кириб келиши, аҳоли ўртасида ижтимоий, юқумли ҳамда хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш ишларини такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш зарурлиги айтиб ўтилди.

Муҳокама чоғида баён этилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ахборотни маълумот учун қабул қилди.

Парламент эшитуви якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Давлат дастури ижроси самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар берилди.

Шунингдек, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига, қўмиталарга ўз фаолиятларида Давлат дастурининг сўзсиз ҳамда самарали бажарилишига эътибор қаратиш, парламент назорати институтидан фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn