Ҳужжат имзоланди
  • 02 Август 2016

Ҳужжат имзоланди

Тошкент шаҳрида 29 июль куни Ўзбекистон ва Япония ҳукуматлари ўртасида “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” лойиҳаси бўйича навбатдаги Алмашув ноталари имзоланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф. Като Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан, таълим йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил февраль ойида Японияга расмий ташрифи, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи ўзаро муносабатларга янги суръат бахш этди. 

Япония Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот асосида изчил ривожланмоқда. 

Бу барча жабҳалар қатори фан-таълим соҳасида ҳам самарали ҳамкорликка асос бўлмоқда. Япония ҳукумати мамлакатимизда амалга оширилаётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ижросини изчил қўллаб-қувватлаб келаётир.

Хусусан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлашга доир қатор лойиҳалар учун грантлар ажратган. Япония ҳукумати билан 1999 йилдан буён амалга ошириб келинаётган кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган. “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” лойиҳаси доирасида шу кунгача ўзбекистонлик 280 талаба Кунчиқар юртда билим ва касб кўникмасини оширди.

Имзоланган навбатдаги ҳужжатга мувофиқ юртимиздан 15 талаба ўз мутахассислиги бўйича Япониянинг нуфузли университетлари магистратура босқичида таҳсил олиши учун қарийб тўрт миллион уч юз минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилади.

— Ўзбекистонда мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда ҳамда бу барча соҳада ўз самарасини кўрсатмоқда, —  деди Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор -элчиси Фумихико Като. — “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” лойиҳаси доирасида Японияда таҳсил олган талабалар мамлакатингизда турли соҳаларда фаол иш юритаётгани, ўз салоҳиятини юртингиз равнақи ва халқингиз фаровонлиги йўлида сарфлаётгани қувонарлидир. 

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлган бундай лойиҳалар таълим сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш баробарида, мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ҳамда серқирра муносабатларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn