Ўзбекистон Республикаси Олий судида
  • 02 Август 2016

Ўзбекистон Республикаси Олий судида

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят ҳамда унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, парламент аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш. ўозиев бошқарган йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Пировардида эса фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг самарадорлиги ортиб, жамиятда адолат барқарорлиги таъминланаяпти.

Мажлисда муҳокама этилган “Судлар томонидан вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ҳамда “Аризани қабул қилишни рад этиш, кўрмасдан қолдириш ва иш юритишдан тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллаш масалалари тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари ҳам мазмун-моҳияти билан инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш, мазкур йўналишдаги қонунларни аниқ ва бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Маълумки, юртимизда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ратификация қилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат — Бола ҳуқуқлари -тўғрисидаги Конвенция ҳам ана шундан далолат беради.

Бундан ташқари, мамлакатимиз бола ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартномалар иштирокчиси ҳисобланади. Энг муҳими, Ўзбекистон халқаро конвенциялар орқали ўз зиммасига олган мажбуриятларни изчил бажариб келмоқда.

Конституциямизнинг 45-моддасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилган. Унинг 64-моддасига биноан, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ҳамда жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш ҳамда ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради.

Вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш, бу борада Оила кодекси нормалари тўғри татбиқ этилиши бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг ушбу қарори ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — болаларнинг соғлом ҳамда ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишида ота-оналар масъул эканлиги, улар ўзларининг вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ҳар доим ижтимоий таъминлашга мажбурлигига судлар эътиборини қаратишдан иборатдир.

Қонун ҳужжатларига кўра, бу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент фақат суд қарори асосида ундирилади.

Пленум қарорида алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ҳамда тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланиши назарда тутилиб, судлар мазкур қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Пленум йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И. Абдуллаев иштирок этди.

* * *

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида умумий юрисдикция судларининг жорий йил биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти натижалари ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган кенгайтирилган Раёсат йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Унда соҳани демократик асосда янада ислоҳ қилиш ҳамда эркинлаштиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Кейинги йилларда соҳага оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоялашда судлар ва ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари фаолияти самарадорлигини янада ошириш имконини бермоқда.

Президентимизнинг суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш, судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид фармонлари судьяларнинг билим ҳамда малакасини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтиришда дастуриламал бўлаяпти. Бу, ўз навбатида, суд ҳокимияти нуфузини ошириш ва аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Судлар одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини муҳофаза этиш, ижтимоий адолат ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида самарали фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, 2016 йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 139 мингдан зиёд иш кўрилиб, уларнинг 87,9 фоизи юзасидан ҳал қилув қарорлари чиқарилди, шундан 88,5 фоизи бўйича талаблар қаноатлантирилди.

Жиноят ишлари бўйича судларнинг бу даврдаги фаолияти атрофлича таҳлил этилди. Яъни кўрилган муҳим чора-тадбирлар туфайли айрим жиноят турлари бўйича судланганлик кўрсаткичлари 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан сезиларли даражада камайишига эришилди.

Судлар томонидан ярашув институти изчил қўлланилиши натижасида ҳисобот даврида 6934 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани ҳам бу йўналишдаги фаолиятнинг самарасидир.

Йиғилишда судлар фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликларни бартараф қилишга қаратилган аниқ кўрсатмалар берилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn