Суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ қилиш йўлида
  • 08 Апрель 2014

Суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ қилиш йўлида

Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини, қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоялашнинг ишончли кафолатини яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам ушбу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мухбиримизнинг парламент юқори палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Эркин РЎЗМЕТОВ билан суҳбати низомга киритилаётган янгиликлар ҳақида бўлди.
— Президентимиз ташаббуси билан истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, судларнинг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, уларни жазоловчи органдан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди, — дейди сенатор. — Ислоҳотлар жараёнида судларнинг ваколатлари изчил кенгайтириб борилди, одил судловни амалга оширишда улар холислигининг ва мустақиллигининг кафолатлари мустаҳкамланди. Судгача иш юритиш босқичида тергов устидан суд назорати кучайтирилди. Миллий қонунчилигимизга “Хабеас корпус” институти жорий этилди, яъни қамоққа олишга санкция бериш, шахсни лавозимидан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштиришдек процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳуқуқи судларга   ўтказилди.
Натижада фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг амалга оширилиши таъминланди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши эса бу борада янги босқични бошлаб берди. Эътиборли жиҳати, бу ўзгаришлар халқаро ҳамжамият, экспертлар ва ҳуқуқшуносларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

— Низомни янги таҳрирда қабул қилишга қандай зарурат туғилди?
— Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда кечаётган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнида судлар фаолиятини ташкил этиш, судья кадрларни танлаш, тайёрлаш ва лавозимга кўрсатиш тизими изчил такомиллашиб бормоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда суд тизими фаолиятининг самарадорлигини таъминлашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга жорий этилгани, чунончи, суд тизими ходимларининг ижтимоий ҳимоясини тубдан яхшилаш ҳамда судлар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонлари қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда судья кадрларни танлаш ва тайинлаш, судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Айнан ушбу вазифалар судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонунчиликни, шу жумладан, Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни янада такомиллаштириш заруратини туғдирди.
Шуни айтиш керакки, янги таҳрирдаги низом Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан уч ўқишда қабул қилиш жараёнида соҳа вакиллари, экспертлар, ҳуқуқшунослар иштирокида кенг муҳокама қилиниб, маромига етказилди. Бунда ҳар бир сиёсий партия фракцияси депутатлик гуруҳи ўз дастури ва сайловолди платформасидан келиб чиқиб, муҳим таклифлар киритганини айтиш зарур. Қонун Олий Мажлис Сенатига келиб тушгач, қўмита томонидан мутасадди идоралар вакиллари, экспертлар ва мутахассислардан иборат тузилган ишчи гуруҳ ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиб чиқди. Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда сенаторлар ушбу ҳужжатда акс этаётган қоидаларнинг Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлиги, аҳамиятини атрофлича таҳлил қилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан, Олий суд, Олий хўжалик судини сайлаш Олий Мажлис Сенатининг мутлақ ваколатига киради. Сенаторлар айнан шу нуқтаи назардан ҳам янги таҳрирдаги низомнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратишди.

— Янги таҳрирдаги низом билан жорий этилаётган қоидалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
—  Аввало, шуни айтиш керакки, янги таҳрирдаги низомда судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантириш механизми такомиллаштирилмоқда. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси ва жойлардаги тегишли малака ҳайъатларининг вазифалари янада аниқлаштирилмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу ҳужжатда кадрлар захирасини шакллантириш жараёнида бошқа идоралар, шунингдек, адлия, прокуратура, ички ишлар идораларининг иштирок этиши тартиб-таомиллари ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шу билан бирга, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган захирадаги номзодлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида ўқиши ва мамлакатимизнинг тегишли судларида стажировка ўташи шартлиги белгилаб қўйилмоқда. Бу, экспертларнинг фикрича, судьяликка номзодларнинг зарур тайёргарликдан ўтишида муҳим аҳамият касб этади. Бу тартиб-таомиллар, ўз навбатида, судьялик лавозимига захирада турган номзодлардан амалдаги қонун ҳужжатларига, ҳуқуқни қўллаш амалиётига, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятига доир билим, кўникма ҳамда тажрибаларини ошириб боришини талаб қилади.
Янги таҳрирдаги низомда судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимига кўрсатиш масалаларига оид қоидалар ҳам янада такомиллаштирилди. Унга кўра, ушбу тоифадаги кадрларнинг тегишли ҳужжатларини ўрганиш, улар билан суҳбатлар ўтказиш, ўрганиш натижаси бўйича хулосалар тайёрлаш тартиби қайтадан кўриб чиқилди. Бу янгиликлар судьяларни янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимига тавсия этиш жараёнининг очиқлигини, демократик ва холис бўлишини таъминлайди.    

Қобил ХИДИРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn