Депутатлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар истиқболлари юзасидан вазифаларни белгилаб олмоқдалар
  • 20 Апрель 2016

Депутатлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар истиқболлари юзасидан вазифаларни белгилаб олмоқдалар

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, қишлоқ ҳудудларига саноатнинг кириб бориши, замонавий агротехнологияларнинг ўзлаштирилиши соҳадаги ютуқларнинг салмоғини белгиламоқда.

Ўз навбатида, мазкур саъй-ҳаракатлар қайта ишлаш саноатини, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилаяпти.

Эътиборлиси, жаҳондаги кўплаб давлатларда ҳали-бери молиявий-иқтисодий инқироз оқибатлари бартараф этилмаган бир шароитда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга йўналтириш имкониятлари тобора кенгаймоқда. Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги фаолиятни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида мазкур қарорда белгиланган вазифалар асосида қишлоқ хўжалигида чуқур ўзгартиришларни давом эттириш, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда фракция томонидан кўрилиши лозим бўлган амалий чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юртимиздаги қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ҳамда полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириб бориш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш соҳасида хизмат кўрсатаётган фермерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, маркетинг ҳамда бошқа инфратузилма ташкилотларини рағбатлантириш баробарида, экспорт бўйича соҳада мавжуд имкониятларни янада юксалтиради.

Депутатлар мазкур қарор мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган партия электорати вакиллари — хусусий мулкдорлар замонавий ускуна ҳамда технологиялар олиб киришда божхона тўловларидан озод этилиши, қайта ишлаш корхоналари эгалари — қишлоқдаги тадбиркорлар учун берилаётган солиқ имтиёзлари орқали қўшимча маблағларга эга бўлишлари, қўшимча иш ўринлари яратиш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш имконини беришини қайд этдилар.

Энг муҳими, у ҳозирги пайтда жаҳонда шаклланган анъанавий бозорларни сақлаб қолиш ҳамда янгиларини ўзлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерлар ҳамда ишбилармонларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни минтақа ва дунё бозорларига чиқаришга қаратилган оқилона ҳамда фаол экспорт сиёсатини олиб боришда янги босқични бошлаб беради.

Тадбир якунида давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва фермерлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, бу борадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ҳамда мазкур ҳужжат ижроси устидан самарали парламент назоратини амалга оширишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn