Қонунлар ижроси ва масъулият
  • 05 Апрель 2014

Қонунлар ижроси ва масъулият

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи билан ҳамкорликда пойтахтимизда ва мамлакатимиз ҳудудларида назорат-таҳлил фаолияти якунлари муҳокамалари бўйича бир қатор йиғилишлар ўтказди. Хусусан, Тошкент шаҳрида ҳамда Тошкент вилоятида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 74-моддаси ижроси кўриб чиқилди.

Мазкур моддада табиатни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари томонидан оқинди сувларни оқизишни чеклаб, тўхтатиб ёки тақиқлаб қўйиш, сув объектларига оқинди сувларни оқизишда сув объекти таркибидаги ифлословчи моддаларнинг белгилаб қўйилган меъёрлардан ошиб кетган ҳолларда ва бунда сув истеъмолчиси бундай оқинди сувларни табиатни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари томонидан белгилаб қўйилган даражага етказиб тозалаб беришни таъминламаган ҳолларда айрим саноат қурилмаларини, цехлар, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш каби қоидалар кўзда тутилган. Йиғилишда ушбу соҳадаги иқтисодий механизм ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама этилди. Якунда тегишли қарор қабул қилинди. Нукус шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни 30-моддасининг Қорақалпоғистон Республикасида ва Навоий вилоятида ижро этилиши ҳолати кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш тадбирлари ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни такрор етиштириш қоидалари ва нормаларини ташкил этиш йўли билан амалга оширилган. Мисол учун, ҳар йили республиканинг барча ҳудудида, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида Фанлар академияси билан келишилган ҳолда табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш муддатларини белгилаш, айрим ёввойи ҳайвон турларини овлашни тақиқлаш, балиқ урчиш даврида саноат мақсадларида балиқ овлашни маълум бир муддатга чеклаш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
Йиғилиш иштирокчилари айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритган ҳолда, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ  таклифлар бердилар. Шунингдек, ўтказилган яна бир йиғилишда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 14 ва 15-моддалари талабларининг Сурхондарё вилоятида ижро этилиши ҳолати таҳлил қилинди. Хўжалик фаолиятларининг атроф табиий муҳитга зарарли таъсиридан аҳолининг экология жиҳатидан хавфсизлигини таъминлаш, табиий ресурсларни тиклаш ва муҳофаза қилиш, ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаларини таркиб топтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларини ривожлантириш ҳамда шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктларини қайта қуриш ва таъмирлашда атроф табиий муҳитга келтириладиган таъсирнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган меъёрлари белгиланиши ҳолатлари муҳокама этилди.
Тадбирда мазкур қонунга мувофиқ, экологик нормативларни тасдиқловчи органлар томонидан вилоятда атроф-муҳитга таъсирнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган энг юқори даражаларини тартибга солувчи экологик нормативлар билан тўлароқ қамраб олиш ишларини янада жонлантириш лозимлиги хусусида сўз юритилди ва корхоналар, ташкилотлар мутасаддиларига тегишли тавсиялар берилди. Қайд этилганидек, бу борада амалга оширилган ишлар билан бирга, айрим  камчиликлар ҳам мавжуд. Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг  тегишли қарори қабул қилинди.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn