Мустақил сайлов тизими конституциявий асосларининг ривожланиши — жамият ҳаётини демократлаштиришнинг муҳим омили
  • 05 Апрель 2014

Мустақил сайлов тизими конституциявий асосларининг ривожланиши — жамият ҳаётини демократлаштиришнинг муҳим омили

Мамлакатимиз Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида баён этилган асосий ғоя ва қоидаларни ўзида мужассам этган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шу кунларда парламентимиз юқори палатаси аъзолари томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасида партиялар фракциялари ва қўмиталар томонидан экспертлар, олимлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган муҳокамалар чоғида давлатимиз раҳбарининг ушбу қонунчилик ташаббуси Ўзбекистоннинг сиёсий, давлат тузилишини янада демократлаштиришда беқиёс аҳамият касб этиши, мамлакатимиз ривожининг “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” муҳим тамойилини изчил амалга оширишга, юртимизнинг ривожланган демократик мамлакатлар қаторига киришига хизмат қилиши таъкидланиб ўтилди.Конституциямизга киритилаётган, давлат ҳокимиятини янада демократлаштириш, унинг мустақил тармоқлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлаш, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини ривожлантиришга конституциявий шарт-шароитларни яратадиган тузатишлар сайлов тизимини ҳам янада такомиллаштириш заруратини тақозо этади.Айнан сайлов тизими Конституцияга киритилаётган тузатишлар орқали давлат ҳокимияти тизимида ролини ошириш кўзда тутилаётган ҳокимият вакиллик органларини, парламентни демократик тарзда шакллантиришни таъминлашга йўналтирилгандир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан киритилган Қонуннинг муҳим аҳамияти ҳам шундадир. Чунки конституциявий нормаларга киритилаётган барча ўзгартиш ва қўшимчалар ўзаро узвий боғлиқ ва бири-бирини тақозо этади.
Шундан келиб чиққан ҳамда жорий йил ҳокимият вакиллик органларига ўтказиладиган сайловларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси мустақил сайлов тизими конституциявий асосларини белгилаб берувчи Конституциянинг 117-моддасига киритилаётган тузатишлар ўта муҳим аҳамиятга эга.Айтиш керакки, мустақиллик йилларида босқичма-босқич, изчил амалга оширилган ислоҳотлар асосида мамлакатда энг демократик талаб ва умумэътироф этилган халқаро андозаларга жавоб берадиган, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини, ҳар бир кишининг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминловчи сайлов тизими барпо қилинди.
Бунда миллий сайлов тизимимизнинг ўзига хос муҳим жиҳати шундаки, сайловларнинг очиқ ва ошкора тарзда, қонун талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ташкил этилишини ва ўтказилишини таъминловчи Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги мустақил сайлов комиссияларининг фаолият кўрсатишидир.
Сайлов қонунчилигига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича мутлақ ваколатлар берилган. Сайловларни ўтказиш давомида ҳокимият тузилмалари ёки жамоат бирлашмалари томонидан сайлов комиссиялари фаолиятига аралашишга бўлган ҳар қандай уриниш қонун билан тақиқланади. Сайлов комиссиялари мустақил бўлиб, фақат қонунга бўйсунади. Марказий сайлов комиссиясининг, жойлардаги сайлов комиссияларининг бундай мақоми сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида қонунийликни таъминлаш имконини беради. Бу сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашнинг энг муҳим шартидир.Қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг ижро ҳокимияти иштироки ва таъсирисиз сайланишининг ўзига хос ноёб демократик тартиби ўрнатилган. Масалан, биринчи босқичда Марказий сайлов комиссияси аъзолигига ҳар бир номзод Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида ҳар томонлама муҳокамадан ўтади ва сайлаш учун парламентга тавсия этилади. Иккинчи босқичда эса, маҳаллий Кенгашлар томонидан Марказий сайлов комиссиясига аъзоликка сайланиш учун тавсия этилган номзодлар тегишли равишда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг мажлисларида алоҳида муҳокамадан ўтади ва сайланади.Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси бўйича сайланади. Шунингдек, комиссиянинг мажлисида Марказий сайлов комиссияси аъзолари орасидан комиссия раисининг ўринбосари ва комиссия котиби сайланади. Булар ҳам Марказий сайлов комиссияси мустақиллигини таъминлайдиган қўшимча ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.Қиёс учун шуни айтиш керакки, аксарият давлатларда сайловларни ташкиллаштирувчи ва ўтказувчи ягона, марказлашган органлар тизими мавжуд эмас ҳамда сайловни ташкил қилиш функцияси ижро этувчи ҳокимият органлари зиммасига юклатилган. Масалан, Франция, Австрия ва Германияда сайловларни ташкил этиш билан Ички ишлар вазирлиги, Данияда Ички ва ижтимоий ишлар вазирлиги, Финляндияда эса Адлия вазирлиги шуғулланади. Фақат шуларнинг ўзиёқ сайлов қонунчилигимиз, сайлов тизимимиз юқори даражада демократия принципларига мослигидан далолат беради. Эътиборли жиҳати, бугун бу ҳақда бизнинг сиёсий тизим билан яхши таниш бўлган экспертлар бутун дунёда эътироф этишмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилиб, 2010 йилнинг ноябрь ойида Олий Мажлис томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, унинг доирасида қабул қилинган қонунлар сайлов қонунчилигини изчиллик билан янада мақсадли ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Жумладан, сайлов қонунчилигига сайловолди ташвиқотининг шакл ва усулларини аниқ белгилаш, сайлов кампаниясининг ушбу муҳим босқичини ўтказишда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Сайловлар пайтида ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.
Айни пайтда муҳим демократик янгиланишларнинг таркибий қисми ҳисобланган сайлов тизими доимий тарзда ривожланмоқда. Бугун давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш жараёнлари Марказий сайлов комиссиясини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини амалга ошириш асосларини янада юқорироқ, конституциявий даражада белгилаб қўйиш масалаларини кун тартибига қўймоқда.
Конституциянинг 117-моддасига киритилаётган тузатишларга мувофиқ, Президент сайловини, Олий Мажлисга сайловни, шунингдек, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш учун, Олий Мажлис томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлиликдан иборат бўлган Марказий сайлов комиссияси тузилиши белгилаб қўйилмоқда. Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши ҳамда ўз фаолиятида фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ва референдум тўғрисидаги қонунларига ҳамда бошқа қонунларига амал қилиши мустаҳкамланган. Шунингдек, ушбу моддада Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва унинг Раиси сайланиши тартиби белгиланмоқда.Марказий сайлов комиссияси, яъни давлат ҳокимияти тизимида ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлган, бошқа давлат ҳокимияти органларининг ҳеч қандай аралашувларисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни таъминловчи мустақил, демократик шаклланган бундай тузилма мақомининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши, сайловларни демократик, очиқ ва ошкора тарзда ўтказиш ҳамда унда қонунийликни ҳар томонлама таъминлашнинг яна бир муҳим кафолатидир.
Буларнинг барчаси, фикримизча, Марказий сайлов комиссиясидан ва сайловнинг бошқа субъектларидан ўз ишлари сифатини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг фаолияти ва ўзаро ҳамкорлигида замонавий талабларга жавоб берадиган янги ташкилий-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни тақозо этади.Бўлажак сайловлар арафасида Марказий сайлов комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш концепцияси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш ҳамда уни амалга ошириш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш амалиётини давом эттириш мақсадга мувофиқ, деб айтиш мумкин. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги мавжуд воқелик ҳисобга олиниб тайёрланган ушбу муҳим ҳужжатларда Конституциямизга киритилаётган давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришга қаратилган тузатишлар мазмунидаги асосий ғоялар ўз аксини топиши лозим.Умуман олганда, мамлакатимиз Конституциясига киритилаётган мазкур тузатишлар миллий сайлов тизимининг демократик ҳуқуқий давлат қуриш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар билан ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг равишда янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Акмал РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
юридик фанлар номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn