Демократлаштириш жараёнини чуқурлаштириш — асосий мақсад
  • 03 Апрель 2014

Демократлаштириш жараёнини чуқурлаштириш — асосий мақсад

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун кенг муҳокама қилинмоқда.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида бўлиб ўтган “Жамоатчилик назорати ва давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш масалалари” мавзуидаги давра суҳбати ҳам қонунчиликдаги янгиликларни муҳокама қилишга бағишланди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва  сиёсий партиялар фаоллари, экспертлар ва журналистлар қатнашди.
Тадбирда юртимизда жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини, ушбу жараённинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар изчиллик билан рўёбга чиқарилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Жумладан, қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонунга биноан, ННТ ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига амал қилиниши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун фуқаролар йиғини томонидан жамоатчилик назорати амалга ошириладиган соҳаларни сезиларли даражада кенгайтирди ҳамда жамоатчилик назорати шаклларини белгилаб берди.
Конструктив руҳда ўтган давра суҳбатида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва фуқаролик жамиятининг бошқа  институтлари жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида катта тажриба орттиргани алоҳида таъкидланди.
Айтиш жоизки, жамиятда жадал юз бераётган демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнлари, фуқароларнинг тобора юксалиб бораётган ижтимоий-сиёсий фаоллик даражаси кун тартибига давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш вазифасини қўймоқда.  Президентимиз томонидан таклиф этилган Қонун айнан шу вазифаларни амалга оширишга қаратилган.
Тадбир қатнашчилари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг конституциявий асосларини белгилаб берувчи Конституциянинг 32-моддасига киритилаётган тузатишлар ижро этувчи ҳокимият устидан жамоатчилик назоратининг яхлит тизимини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилгани алоҳида қайд этилди. Жумладан, ушбу модда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан ҳам амалга оширилишини кўзда тутадиган нормалар билан тўлдирилмоқда.
Шу билан бирга, Конституцияга киритилаётган тузатишларнинг “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида акс этишини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчиликни Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида хабардор қилиш зарурлигига урғу берилди.
Айниқса, ижро ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг самарадорлиги кўп жиҳатдан аҳоли ижтимоий-сиёсий фаоллигини, унинг ҳуқуқий онгини оширишда алоҳида ўрин тутадиган ОАВ, ННТ ва фуқаролик  жамияти бошқа институтларининг бу борадаги ишларда фаол иштирокига сезиларли даражада боғлиқ эканлиги хусусида мулоҳазалар билдирилди.
Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига Конституциянинг янгиланаётган нормаларини ривожлантираётган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун ҳам киритилган. Бугунги кунда кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган “Ижтимоий      шериклик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Суҳбатда тилга олинганидек, жамоатчилик назорати институтини конституциявий йўл билан мустаҳкамлаш жамиятнинг давлат билан самарали алоқасини таъминлаш, одамлар кайфиятини, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаси бўлиб, мамлакатимиздаги кенг кўламли демократик янгиланиш ва эркинлаштириш жараёнларининг босқичма-босқич амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этади.
Экспертлар фикрича, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонуннинг қабул қилиниши жамият, фуқаролик институтлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонун ҳужжатларини ижро этиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизм асосини яратишга хизмат қилади.
Тадбир якунлари бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn