Анжуманда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг демократик -ислоҳотлар жараёнидаги ўрни юксалиб бораётгани таъкидланди. Соҳанинг илғор демократик стандартларга мос мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани ОАВнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, журналист касбининг ижтимоий мақоми ҳамда нуфузини юксалтиришга хизмат қилаяпти.
Бугунги кунда юртимизда бир минг тўрт юздан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият юритаётир. Уларнинг олтмиш фоизга яқинини нодавлат ОАВ ташкил этади. Анъанавий ахборот воситалари билан бир қаторда, интернет журналистикаси жадал ривожланаётганини кейинги беш йилнинг ўзида веб-сайтларнинг сони 2 баробар ортгани, ўтган йил якунида эса 300 дан ошиб кетгани мисолида яққол кўриш мумкин. Айни чоғда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот манбалари йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилаётгани ҳам эътиборга моликдир.
Семинарда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётгани қайд этилди. Зеро, мазкур ҳуқуқий ҳужжат оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантириш, аҳолини ишончли ва тезкор ахборотлар билан таъминлашнинг янги имкониятларини очиб берди.
Тадбир қатнашчилари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги бўйича мониторинг олиб бориш ҳамда уни баҳолаш усуллари билан таништирилди. Айтиб ўтилганидек, қонунчиликка мувофиқ жорий йилдан бошлаб давлат ҳокимияти ва -бошқаруви органларининг очиқлик бўйича вазифаларни амалга ошириш даражасини баҳоловчи “очиқлик индекси” эълон қилиб борилади. Бу жараёнда рейтинг баҳолашни ташкил этишда давлат органларининг оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги алоҳида ўринга эгадир.
Семинарда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлашда ахборот хизматларининг роли ҳамда уларнинг оммавий ахборот воситалари билан алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим жиҳатлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан аҳолининг хабардорлигини оширишда журналистларнинг ўрнига доир маърузалар тингланди.
Иштирокчилар аҳолини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти билан таништириб боришда ОАВ ишининг самарадорлигини юксалтиришга қаратилган янги услублар билан танишиш баробарида, етакчи оммавий ахборот воситаларининг давлат идоралари билан ҳамкорлиги бўйича ўзаро тажриба алмашдилар.
Якунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлашга доир тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Зиёда АШУРОВА.