Тадбиркорлар ҳуқуқлари — ҳимояда
  • 25 Февраль 2016

Тадбиркорлар ҳуқуқлари — ҳимояда

Мамлакатимизда фуқароларнинг мулкдор бўлиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш, пировардида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, хусусий мулк устуворлиги асосида иқтисодиётни модернизация қилиш йўлидаги изчил ислоҳотлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал суръатда равнақ топишини таъминламоқда.

Ушбу соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий базанинг мустаҳкамланиши тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига, улар йўлидаги турли бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга замин яратаётир. Айниқса, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда мазкур ҳужжат асосида қабул қилинган  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун хусусий сектор ривожини янги босқичга олиб чиқди. 

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Тадбиркорлар ҳуқуқлари — суд ҳимоясида” мавзуида ўтказилган анжуманда шулар ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, юқорида келтирилган Қонун билан амалдаги  қирқдан ортиқ қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Жиноят кодексидан “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” номли янги боб ўрин олди. Унга кўра, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ҳамда бошқа тадбирларга мажбурий жалб қилиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, хўжалик юритувчи субъектларга ва бошқа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Табиийки, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишда суд органлари зиммасига ҳам алоҳида вазифалар юклатилди. Шу маънода, ишларнинг судловга тааллуқлилиги борасида келиб чиқаётган айрим масалаларга аниқлик киритиб, тушунтириш бериш, мурожаатларнинг тўғри ҳал этилишини, хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди пленумларининг қўшма қарори қабул қилинди.

— “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун амалга киритилганидан ҳозирги кунга қадар умумий юрисдикция судлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш каби ҳаракатлар билан боғлиқ битта жиноят ҳамда 136 та маъмурий  иш кўрилди, уч нафар шахсга жиноий ва 128 нафар шахсга маъмурий жазо қўлланилди, — дейди Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази директори Нодиржон Жўраев. — Шунингдек, Жиноят кодексининг янги таҳриридаги 188-моддасига мувофиқ, судлар томонидан 22 нафар тадбиркор жиноий жавобгарликдан озод этилди. Бу каби рақамлар мамлакатимизда демократик тамойилларга таянган ҳолда, мулкдорлар манфаатлари ҳар томонлама кафолатланаётганидан далолат беради. 

Анжуманда  тадбиркорлик субъектлари, умуман, ишбилармонларнинг эркин фаолият юритиши учун яратилган қонуний шарт-шароитларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn