Болалар спортини ривожлантириш соғлом авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга
  • 18 Февраль 2016

Болалар спортини ривожлантириш соғлом авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида вояга етказишга қаратилган улкан эътибор таълим-тарбиянинг муҳим бўғини ҳисобланган болалар спорти ривожида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Бинобарин, спорт нафақат саломатлик ва жисмоний чиниқиш омили, балки ватанпарварлик, қатъиятлилик, ҳамжиҳатлик каби фазилатларнинг шаклланиб боришида, маънавий етукликка эришишда алоҳида ўрин тутишини  баркамол ўғил-қизларимиз тимсолида яққол кўраяпмиз.
Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида таъкидлаганидек, “Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз тараққиётида ҳар томонлама фахрланишга арзийдиган буюк алломалар, ноёб обидалар, енгилмас саркардалар, паҳлавон ва баҳодирлар жуда кўп бўлган. Бугун ёшларимиз ана шундай улуғ аждодларимизнинг ворислари сифатида барча жабҳада, жумладан, спортда ҳам дунё миқёсида энг юксак шоҳсупаларга кўтарилиб, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини оширмоқда”.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, деган мезонга муштарак равишда болалар спортини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада қатор қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб,  навқирон авлод вакиллари ўртасида спортни оммалаштириш, шу орқали миллат генофондини яхшилаш, халқаро майдонда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш йўлида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугун шаҳар ва қишлоқларимизда барпо этилган,  замонавий меъморий ечимга ҳамда моддий-техника базасига эга спорт объектларининг доимо болалар билан гавжумлиги, ҳаётга катта мақсадлар билан кириб келаётган ёшларимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда залворли ютуқларга эришаётгани ушбу соҳанинг нечоғли жадал суръатда тараққий этаётганини кўрсатади.
2005 йилда юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 29 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, ўтган йили бу рақамлар тегишли равишда 57,2 ва 56 фоизни ташкил этди. Бугунги кунда қиз болаларнинг 47 фоизи, қишлоқ жойларда эса 44,7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётгани, болалар ўртасида олтмишга яқин спорт тури ривожланиб бораётгани янада қувонарлидир.
Шу ўринда соғлом авлодни тарбиялаш ва жамиятда соғлом турмушни қарор топтиришга хизмат қилаётган спортнинг янада оммавийлашувини таъминлаш жараёни изчиллик касб этаётганини айтиб ўтиш жоиз. Мазкур соҳанинг ҳуқуқий механизми давр талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштирилаётгани ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ўтган йили янги таҳрирда амалиётга татбиқ этилган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.  Ана шундай, ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли юртимизда болаларнинг саломатлик ва ривожланиш кўрсаткичлари тобора ўсмоқда, оилаларимизда фарзандларни спортга ошно қилиб тарбиялашга интилиш кучаймоқда, жамиятда соғлом муҳит ва соғлом қарашлар шаклланаётир.
Албатта, бу ютуқларни мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашдек миллат тақдири ҳамда келажагига дахлдор ўта муҳим масалага янада масъулият билан ёндашиш айни заруратдир. Шунга кўра, қўмитамиз томонидан ҳам болалар спортини ривожлантиришдан кўзланган асосий мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тамойилларининг устуворлигини кафолатлаш каби долзарб йўналишларда давлат ва жамоат ташкилотлари билан шериклик асосида самарадор тадбирларни рўёбга чиқариш, соҳага тааллуқли қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш чоралари кўрилади.
Мухтасар айтганда, фарзандларимизни баркамол қилиб вояга етказиш,  бунинг учун уларнинг спортга бўлган меҳрини ошириш йўлида куч-ғайратимизни сафарбар этмоғимиз лозим. Зеро, соғлом авлод соғлом келажак деганидир.

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Олий Мажлис Сенати Фан, таълим, маданият ва
спорт масалалари қўмитасининг раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn